Қўрқманг, Макка келишуви ҳеч кимга қарши эмас – Эрдўған

World

image

Туркия, Саудия Арабистони ва Покистон томонидан имзоланган ўзаро мудофаа тўғрисидаги Макка келишуви уч давлатнинг стратегик иродаси намунаси бўлиб, бирор давлатга қарши қаратилган эмас. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған “Asharq Al Awsat” газетасига маълум қилди.

“Минтақа муаммолари унинг иштирокчиларининг ўзлари томонидан ҳал қилиниши керак деган тушунчага асосланган ўзаро мудофаа тўғрисидаги Макка келишуви бирор-бир алоҳида давлатга қарши қаратилган блок тузишга эмас, балки тинчлик, барқарорлик, ҳамжиҳатлик ва жамоавий тийиб туришга асосланган стратегик ироданинг ифодасидир. Туркия, Саудия Арабистони ва Покистон томонидан ташланган бу тарихий қадам бир мамлакат хавфсизлиги – барчанинг хавфсизлиги деган тушунчани ўзида мужассам этади”, дея Эрдўғаннинг сўзларидан иқтибос келтиради Туркия Президенти маъмуриятининг Коммуникациялар департаменти.

Туркия етакчисининг таъкидлашича, келишув барча биродар мамлакатлар учун очиқдир. Унинг фикрича, минтақа келажагини энди унинг давлатлари иродасини инобатга олмай ва ташқаридан тиқиштирилган ечимлар асосида шакллантириб бўлмайди. 

Эрдўған Туркия суверенитет ва ҳудудий яхлитликни ҳурмат қилишга асосланган, хавфсизлик, тараққиёт ва фаровонлик биргаликда мустаҳкамланадиган минтақавий тартибни барпо этиш тарафдори эканини қўшимча қилган. 

Эслатиб ўтамиз, 7 август куни Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд, Туркия Президенти Тойиб Эрдўған ва Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф Макка келишувини имзолади. Ҳужжатга кўра, мамлакатлардан бирига қилинган ҳужум келишувнинг барча иштирокчиларига қарши тажовуз деб баҳоланади.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends