Дунё етакчилари Маккада жума намозини ўқиди (фоторепортаж)

Олам

image

Бугун, 7 август куни Туркия-Саудия Арабистони-Покистон уч томонлама мудофаа битими имзоланганидан сўнг Президент Ражаб Тойиб Эрдўған, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон ва Бош вазир Шаҳбоз Шариф жума намозини ўқиди. Бу ҳақда “Takvim” хабар берди.

Саудия Арабистони, Покистон ва Туркия Яқин Шарқда ҳарбий кескинлик ва низолар кучайган шароитда хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштирувчи қўшма мудофаа битимини имзолади.

Покистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Саудия Арабистони давлат ОАВлари эълон қилган қўшма баёнотга кўра, битимда уч мамлакатдан бирига қилинган қуролли ҳужум уларнинг барчасига қилинган ҳужум сифатида қаралиши белгиланган.

“Ушбу келишув уч давлатнинг хавфсиз ва фаровон келажак йўлида жамоавий хавфсизликни янада мустаҳкамлаш ҳамда минтақада ва ундан ташқарида тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни илгари суриш бўйича умумий мажбуриятини акс эттиради”, дейилади баёнотда.

Қайд этиш жоиз, кеча, 6 август куни Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф ва қудратли армия раҳбари Осим Мунир Саудия Арабистонига ташриф буюриб, Маккада Умра зиёратини адо этган.

Бугун, 7 август куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳам Саудия Арабистонига учиб келган ва валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон билан учрашган.

“Макка қўшма мудофаа битими” деб ном олган ушбу келишув деярли бир йиллик музокаралардан сўнг имзоланган. Битимнинг Исломнинг энг муқаддас маскани бўлмиш Маккада тузилиши кўп йиллик икки томонлама ҳарбий алоқаларга асосланган ушбу пактга рамзий куч бағишлаши айтилмоқда.

Эрдўған, бин Салмон ва Шаҳбоз Шариф битимни имзолаганларидан сўнг Маккада жума намозини адо этган.

Покистон ўнлаб йиллар давомида Саудия кучларига таълим ва техник ёрдам кўрсатиб келган, Туркия ва Покистон эса ҳарбий кемалар ва ўқув самолётларини ўзаро айирбошлашган. 2023 йилда Риёз Туркия дронларини сотиб олишга рози бўлган, Анқара эса буни ўз тарихидаги энг йирик мудофаа экспорти шартномаси деб атаган.

“Al Jazeera”нинг ёзишича, бу пакт “моҳиятан энг йирик мусулмон аҳолисига эга учта давлатни бирлаштиради” ва минтақада “мутлақо янги хавфсизлик архитектураси” бошланишини англатади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг