Қора денгизда дронлар ҳужумига учраган кема ағдарилиб кетди (видео)
World
−
11:17 293 2 minutes
Қора денгизда Болгария қирғоқлари яқинида денгиз дронлари ҳужумига учраган буғдой ташувчи BETUL 8 кемаси ағдарилиб кетди. Бу ҳақда DW нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, Сомали байроғи остида ҳаракатланган кема Руминанинг Тулча портидан Мисрга 3 минг тонна буғдой олиб кетаётган бўлган. Ҳодиса кеча, 16 ноябрь куни Болгария қирғоқларидан тахминан 75 километр жануби-шарқда содир бўлган.
Кема экипажи таркибидаги 8 нафар Туркия ва 4 нафар Озарбайжон фуқароси тўртта қутқарув кемаси иштирокидаги операция давомида қутқарилган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жиддий жароҳат олмаган, бироқ денгизчилар қаттиқ совқотган.
Расман кемага учувчисиз аппаратлар ҳужум қилгани тасдиқланмаган. Бироқ қутқарилган денгизчилар Варна шаҳридаги журналистларга кемага иккита денгиз дрони ҳужум қилганини айтган.
Маълумотларга кўра, BETUL 8 июль ойи ўрталаридан бери Болгария ва Руминия қирғоқлари яқинида ҳужумга учраган 17-кема бўлган. Фақат ноябрь ойи бошидан буён ушбу ҳудудда камида 13 та савдо кемаси дронлар ҳужумига учраган. Бу ҳодисалар оқибатида 30 нафардан ортиқ денгизчи ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган.
Болгария ва Руминия ушбу ҳужумларга Россиянинг алоқаси борлигини билдирмоқда. Бироқ София ҳужумлар ортида айнан ким турганини тасдиқловчи тўғридан тўғри далиллар йўқлигини маълум қилган.
Украинадан дон етказиб беришда муҳим аҳамиятга эга бўлган икки НАТО давлати қирғоқлари яқинидаги сув йўллари ҳужумлар туфайли хавфли ҳудудга айланмоқда. Европа Иттифоқи 2025 йилда ташкил этилиши эълон қилинган Қора денгиздаги денгиз хавфсизлиги марказини тезроқ ишга тушириш учун 50 миллион евро ажратишини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қора денгизда Болгария қирғоқлари яқинида Либерия байроғи остида ҳаракатланаётган Греция контейнер ташувчи кемасига учта денгиз дрони ҳужум қилгани ҳақида хабар берилган эди. https://qalampir.uz/news/bolgariya-k-irgok-lari-yak-inida-gretsiya-kemasiga-dengiz-dronlari-%D2%B3uzhum-k-ildi-145418
Live
AllShavkat Mirziyoev Ummonga bordi
16 November
Bangladeshda tikuvchilar ish tashlamoqda
16 November