Қирғизистонда энергетик ичимликлар тақиқланиши мумкин
World
−
10:44 478 2 minutes
Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ҳукуматга бир ой муддатда энергетик ичимликлар ишлаб чиқариш ва уларни мамлакатга олиб киришни тақиқлаш масаласини кўриб чиқишни топширди. Бу ҳақда у фуқароларга йўллаган мурожаатида маълум қилди.
Президент топшириғига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси олти ой ичида қонунчилик доирасида тегишли чораларни амалга ошириши керак.
Жапаровнинг айтишича, бундай ташаббус энергетик ичимликларнинг аҳоли саломатлигига таъсири борасидаги хавотирлар билан боғлиқ. Мазкур масала аввалроқ фуқаролар ва Жогорку Кенеш депутатлари томонидан ҳам кўтарилган.
Президент энергетик ичимликлар истеъмоли кўламига оид рақамларни ҳам келтирган. Унга кўра, 2025 йилда Қирғизистон аҳолиси 54,2 миллион литр, яъни қарийб 129 миллион банка энергетик ичимлик истеъмол қилган. 2026 йилнинг биринчи ярмида эса бу кўрсаткич 36,1 миллион литрга ёки тахминан 85,9 миллион банкака етган.
Шу билан бирга, давлат раҳбари эҳтимолий тақиқнинг иқтисодий оқибатларига ҳам эътибор қаратган. Унинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, бу қарор оқибатида бюджет тўғридан тўғри ва билвосита солиқ тушумларидан қарийб 1,5 миллиард сом миқдорида маҳрум бўлиши мумкин.
“Миллат, фуқаролар ва келажак авлодлар саломатлигини пул билан ўлчаб бўлмайди”, дейди Садир Жапаров.
Президент касалликлар оқибатларига қарши курашишдан кўра, уларнинг олдини олиш муҳимроқ эканини таъкидлаган. Шунингдек, у тиббиёт мутахассисларининг энергетик ичимликларни ортиқча истеъмол қилиш билан боғлиқ хавфлар ҳақидаги огоҳлантиришларини инобатга олишга чақирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги мамлакатда спиртли ичимликлар савдосига бир қатор чекловлар жорий этишни таклиф қилганлиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
All