“Ижтимоий тармоқлар ёшларнинг болалигини ўлдирмоқда“. ЕИ янги таклиф билан чиқди

World

image

Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляйен 13 ёшдан кичик болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тўлиқ тақиқлашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини тайёрланишини маълум қилди. Бу ҳақда у Европа Иттифоқининг келажагига бағишланган йиллик нутқи вақтида сўз очди.

Фон дер Ляйеннинг айтишича, ижтимоий тармоқлар болаларни болалик давридан маҳрум қилмоқда. Унинг билдиришича, йирик технологик компаниялар ўз маҳсулотларининг болалар учун хавфсизлигини исботлаши керак.

Таклифга кўра, 13–15 ёшдаги болалар ота-она назорати остидаги махсус “мини аккаунтлар“дан фойдаланиши мумкин бўлади. Бундай аккаунтларда ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш вақтига чекловлар ўрнатилади.

Шунингдек, 18 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқлар, видео платформалар, онлайн ўйинлар, сунъий интеллектга асосланган чатботлар ва бошқа рақамли хизматларга чекловлар жорий этилади. Жумладан, болаларни платформада узоқроқ ушлаб туришга қаратилган қарамликка олиб келувчи функциялар, чексиз лентани айлантириш ва шахсий маълумотларга асосланган тавсия алгоритмлари тақиқланиши мумкин.

Нотаниш шахсларнинг болалар билан исталмаган алоқага чиқишига ҳам йўл қўйилмайди. Сунъий интеллект чат-ботлари эса болалар учун дастлабки ҳолатда ўчириб қўйилган бўлиши керак. Янги талабларни бажармаган технологик компанияларга йиллик глобал даромадининг 6 фоизигача миқдорда жарима солиниши мумкин.

Бироқ технологик компанияларни бирлаштирувчи CCIA Europe гуруҳи таклиф шахсий маълумотлар хавфсизлигига таҳдид солиши мумкинлигини билдирган. Ташкилотнинг маълум қилишича, болалар ва уларнинг ота-оналарига оид маълумотларни кенг миқёсда йиғиш кибержиноятчилар учун нишонга айланиши мумкин.

Еврокомиссия ижтимоий тармоқлар бўйича режасини бугун, 17 сентябрь куни эълон қилади. Ҳужжат қонун сифатида кучга кириши учун Европарламент ва Европа Иттифоқининг 27 та аъзо давлати томонидан маъқулланиши керак.

Урсула фон дер Ляйен Еврокомиссиянинг Рақамли адолат тўғрисидаги қонунини ҳам тақдим этишини маълум қилган. Ушбу ҳужжат жорий йил охиригача Европарламентга киритилиши режалаштирилган.

Қонун лойиҳасида фойдаланувчиларни иловаларда узоқ вақт қолишга ундайдиган қарамликни келтириб чиқарувчи дизайн хусусиятларига қарши курашиш кўзда тутилади. Фон дер Ляйен бундай функциялар барча фойдаланувчиларга зарар етказаётганини айтган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқи 15 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқлар, видео платформалар, сунъий интеллект чатботлари ва онлайн ўйинлардан фойдаланишини чеклашни таклиф қилмоқчилиги ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends