Ироқни тарк этиш: тарих ва Пентагон айтмаётган сабаблар
Review
−
21:11 996 9 minutes
23 йил. Ироқ узоқ вақт давомида АҚШ ҳарбийлари учун қайсидир маънода ҳарбий майдонга айланиб қолган эди. 2003 йилда Саддам Ҳусайн режимини ағдариш баҳонаси билан мамлакатга бостириб кирган АҚШ қўшинлари ўртадаги икки ярим йиллик қисқа танаффусни ҳисобга олмаганда шу йилнинг сентябрь ойи охирига қадар Ироқ ҳудудларида ҳарбий амалиётлар олиб борди.
Шу йилнинг 30 сентябрь куни Пентагон ИШИД мағлуб этилганини, энди АҚШ қўшинларининг Ироқда “қиладиган иши қолмаганини” айтиб, ҳарбийларини олиб чиқиб кетди. Расмий баёнотга кўра, бундан 12 йил муқаддам ИШИД террорчи гуруҳларига қарши курашиш баҳонаси билан қайта киритилган Америка ҳарбийлари ўз зиммаларига юклатилган вазифани бажариб бўлди ва минтақани бутунлай тарк этди. Аммо келтирилаётган сабаблар халқаро таҳлилчиларни у қадар ҳам ишонтирмаяпти.
Хўш, унда нима сабаб бўлдики, Трампдек президент даврида нега АҚШ Ироқни ўз таъсир ҳудудидан қўйиб юборяпти? Пентагон яшираётган сабаблар нима
23 йиллик тарих
АҚШнинг Ироққа қарши ҳарбий ҳаракатлари аслида 2003 йилдан эмас, ундан ўн икки йил олдин бошланган. 1990 йилда Саддам Ҳусайн қўшинларининг Қувайтга бостириб кириши Вашингтонни Бағдодга қарши халқаро коалиция тузишга ундаганди.
1991 йил 16 январда АҚШ бошчилигидаги кучлар Ироққа қарши ҳаво ҳужумларини бошлайди, 24 февралда қуруқликдаги операция бошланади ва атиги 100 соат ичида Ироқ армияси Қувайтдан чиқариб юборилди. 28 февралда АҚШ президенти Катта Жорж Буш жанговор ҳаракатларни тўхтатганини эълон қилди.
Аммо Саддам Ҳусайн ҳокимиятда қолаётган эди. Кейинги ўн икки йил давомида АҚШ ва Буюк Британия Ироқ осмонини назорат қилди, Бағдод эса БМТ санкциялари ва қуролсизланиш талаблари остида қолди.
.jpg)
2001 йил 11 сентябрь хуружларидан кейин Вашингтоннинг Саддам режимига муносабати янада кескинлашди. Кичик Жорж Буш маъмурияти Ироқ оммавий қирғин қуролларига эга экани ва халқаро хавфсизликка таҳдид солаётганини таъкидлади. 2003 йил 5 февралда эса АҚШ Давлат котиби Колин Пауэлл БМТ Хавфсизлик Кенгашида Ироқнинг яширин кимёвий ва биологик қурол дастури борлигини кўрсатувчи разведка маълумотларини тақдим этди. Ваҳоланки, кейинчалик бу маълумотларнинг катта қисми хато бўлгани ойдинлашди.
2003 йил 20 мартда Президент Жорж Буш Ироққа бостириб кириш ва “Ироқ озодлиги” (Operation Iraqi Freedom) номи билан тарихга кирган операцияни бошлашга буйруқ берди. АҚШ ва иттифоқчи қўшинлар қисқа муддатда Бағдодга етиб борди, 9 апрель куни пойтахт устидан назорат ўрнатилди, Саддам Ҳусайн бошлиқ режим ағдарилди. Аммо уруш шу билан ниҳоясига етиб қолмади. Режимнинг ағдарилиши ортидан қўзғолон, мазҳаблараро зўравонлик ва турли қуролли гуруҳлар билан кураш бошланди.
Саддам Ҳусайн 2003 йил 13 декабрда Тикрит шаҳри яқинида қўлга олинди. 2004–2006 йилларда АҚШ қўшинлари сунний қўзғолончилар, “Ал-Қоида”нинг Ироқдаги бўлинмалари ва бошқа қуролли гуруҳларга қарши жанг олиб борди. 2006 йил 30 декабрда Саддам Ҳусайн Ироқ суди ҳукми билан қатл этилди. Бироқ бу Ироқ учун тинчлик олиб келмади.
2007 йил бошида Ироқда 130 000–132 000 нафар аскар бор эди. Аммо мамлакатдаги фуқаролар урушини бостириш ва “Ал-Қоида”га қарши туриш учун Президент Буш Ироққа яна қўшимча тахминан 30 минг аскар юборди.
2008 йил ноябрида АҚШ ва Ироқ ҳукуматлари АҚШ – Ироқ хавфсизлик келишувини имзолади. Унга кўра, АҚШ жанговор кучлари Ироқдан 2011 йил охиригача олиб чиқилиши керак эди. Президент Барак Обама 2010 йил 31 августда АҚШнинг Ироқдаги жанговор миссияси тугаганини тантанавор эълон қилди. Ўша пайтда қарийб 100 минг америкалик ҳарбий Ироқдан олиб чиқилган, юзлаб ҳарбий базалар ёпилган ёки Ироқ ҳукуматига топширилган эди.
2011 йил 18 декабрда сўнгги АҚШ ҳарбий колоннаси Ироқ ҳудудини тарк этди. Қарийб 9 йил давом этган урушнинг биринчи босқичи шу тариқа якунланди. Обама маъмурияти энди Ироқ хавфсизлиги учун масъулият тўлиқ Бағдод зиммасига ўтганини таъкидлади.
Аммо танаффус узоқ давом этмади. 2014 йилда ИШИДга қарши курашиш даъволари билан АҚШ яна Ироққа қўшин киритди. Август ойида ИШИД базаларига ҳаво зарбалари бошланди, 17 октябрда эса Пентагон “Ўзгармас қатъият” (Operation Inherent Resolve) – ИШИДни мағлуб этишга қаратилган халқаро коалиция ҳарбий операциясини расман ташкил этди. Оммавий ахборот воситаларида бу қарор Ироқ ҳукуматининг илтимосига биноан ИШИДга қарши курашиш, маҳаллий кучларни тайёрлаш ва уларга ҳаво ёрдами кўрсатиш учун деб эълон қилинди.
Кейинги уч йил давомида асосий жангларни Ироқ хавфсизлик кучлари олиб борди, АҚШ бошчилигидаги коалиция эса ҳаво зарбалари, разведка, қурол-яроғ ва ҳарбий маслаҳат билан уларни қўллаб-қувватлади. 9 декабр куни Ироқ ҳукумати мамлакат ҳудудида ИШИД устидан ҳарбий ғалаба қозонилганини эълон қилди.
Шундан кейин ҳам АҚШ кучлари мамлакатдан чиқиб кетмади. Ҳарбий мақсад ўзгартирилиб, кенг кўламли жанглардан кўра, Ироқ хавфсизлик кучларини тайёрлаш, разведка ва терроризмга қарши операцияларни қўллаб-қувватлаш асосий йўналишга айланди. Бироқ Вашингтоннинг Ироқдаги мавжудлиги Эрон билан боғлиқ қуролли гуруҳлар билан қарама-қаршиликни ҳам кучайтирди. 2020 йил 3 январда АҚШ Бағдод аэропорти яқинида Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг Қудс ҳаракати қўмондони Қосим Сулаймоний ва Ироқдаги “Ҳашд аш-Шаъбий” тузилмасининг юқори мартабали вакили Абу Маҳдий ал-Муҳандисни ўлдирди. Бу воқеадан кейин Ироқ парламентида АҚШ ва бошқа хорижий кучларни мамлакатдан чиқариш талаби илгари сурилди.
2024 йилга келиб Вашингтон ва Бағдод АҚШ бошчилигидаги ИШИДга қарши коалициянинг Ироқдаги миссиясини босқичма-босқич тугатиш бўйича келишиб олди. АҚШ кучлари 2025 йил давомида Ироқнинг аксарият ҳудудларидаги базаларини тарк этди, шимолдаги Курдистон ҳудудидаги Эрбил атрофида эса чекланган контингент қолди.
Ниҳоят, 2026 йил 30 сентябрда АҚШ Ироқдаги сўнгги ҳарбийларини ҳам олиб чиқди. Пентагон буни ИШИДнинг Ироқдаги уюшган ҳарбий куч сифатидаги мағлубияти ва хавфсизлик масъулиятининг Ироқ томонига қайтарилиши билан изоҳлади.
Аммо, аслида…
Айтилмаётган сабаблар
30 сентябрь куни АҚШ қўшинлари яна бир бор Ироқни тарк этди. Бу гал қанча муддатга – ҳали номаълум. Пентагон сайтида эълон қилинган расмий баёнотда буни ғалаба деб баҳолашмоқда. 12 йиллик операция ўз ниҳоясига етди.
“Ушбу тарихий босқич жангчиларни Ироқда ва бутун минтақада уюшган ҳарбий таҳдид сифатида тор-мор этиш бўйича 12 йиллик кампания муваффақиятини акс эттиради. У, шунингдек, уруш давридаги коалицион миссиядан Ироқ томонидан бошқариладиган ҳамда хавфсизлик соҳасидаги тобора нормал икки томонлама муносабатлар билан қўллаб-қувватланадиган хавфсизликни таъминлаш ҳаракатларига ўтишни англатади”, дейилади баёнотда.
АҚШнинг Ироқдан чиқиб кетиши Пентагон таъкидлаганидек, ИШИДга қарши миссиянинг якунланиши ва Ироқ хавфсизлик кучлари мамлакат мудофаасини мустақил равишда таъминлай оладиган босқичга етгани билан изоҳланмоқда. Аммо бу қарорнинг ортида фақат ҳарбий вазифа тугагани эмас, Ироқ ичидаги сиёсий босим, суверенитет масаласи ва АҚШ – Эрон қарама-қаршилигининг Бағдодга қилаётган босими ҳам бор.
Аслида, 30 сентябрдаги “чекиниш” 2024 йилда Вашингтон ва Бағдод ўртасида келишилган келишувнинг бир қисми эди. Узоқ йиллик ҳарбий амалиётлардан сўнг Бағдод ўз суверенитетини сўраб чиққан эди.
“Халқаро коалициянинг Ироқдаги ҳарбий миссияси тугади. Ироқ энди 2014 йилдаги Ироқ эмас – биз ИШИДни мағлуб этдик ва хавфсизлик кучларимиз мамлакат суверенитетини мустақил равишда ҳимоя қилишга тўлиқ қодир”, деган эди Ироқ Бош вазири.
2003 йилда Саддам Ҳусайн режимини ағдариш учун кирган АҚШ армияси кейинги йилларда Ироқ сиёсатининг энг муҳим ташқи ҳарбий омилига айланди. Ҳатто 2014 йилда ИШИДга қарши кураш баҳонасида қайтганидан кейин ҳам Вашингтоннинг мамлакатдаги мавжудлиги фақат терроризмга қарши операция масаласи бўлиб қолмади, аксинча ҳарбий қудрат мамлакат ишларига “бурун суқиш” воситасига айланди. АҚШ ҳарбийлари Ироқ хавфсизлик тизимини тайёрлади, разведка маълумотлари билан таъминлади ва айни пайтда Бағдод қарорларига сезиларли сиёсий таъсир кўрсатадиган кучга айланди. “The Soufan Center” таҳлилига кўра, АҚШ контингенти аввалги 100 минг кишилик куч билан солиштирилганда анча кичрайган бўлса-да, унинг мавжудлиги Вашингтонга Ироқдаги қарорлар қабул қилиш жараёнида катта таъсир воситасини сақлаб қолиш имконини берган.

Аммо Ироқ сиёсатида “АҚШ қачонгача қолади?” деган савол тобора кучайиб борди. Айниқса, Эрон билан яқин алоқадаги шиъа сиёсий кучлари ва қуролли гуруҳлар Америка ҳарбийларини мамлакат суверенитетига зид бўлган ташқи куч сифатида кўриб келган. Уларнинг асосий талаби оддий эди: Ироқ ҳудудидаги қуролли кучлар устидан якуний назорат фақат Бағдод ҳукуматида бўлиши керак.
Бу босим 2024 йилда сиёсий келишувга айланди. Бағдод ва Вашингтон ИШИДга қарши халқаро коалициянинг Ироқдаги ҳарбий миссиясини тугатиш ва хавфсизлик муносабатларини оддий икки томонлама ҳамкорликка ўтказишга келишиб олди. Яъни АҚШ энди Ироқда катта коалицион ҳарбий операция олиб борувчи куч эмас, балки керак бўлганда разведка, тайёргарлик ва маслаҳат билан ёрдам берувчи ҳамкор бўлиши керак.
Бироқ бу жараённинг энг аҳамиятли томони АҚШнинг ўзи эмас, ҳарбийларнинг кетишидан кейин Ироқ ичида юзага келадиган вазиятдир. Чунки мамлакатда АҚШга қарши кайфият фақат сиёсий баёнотлар билан чекланмайди. Эрон билан алоқадор “Катаиб Ҳизбуллоҳ”, “Ҳаракат Ҳизбуллоҳ ан-Нужабо” ва бошқа қуролли гуруҳлар Ироқнинг сиёсий ва хавфсизлик тизимида ўз таъсирига эга. Уларнинг айримлари расман Халқ сафарбарлик кучлари – “Ҳашд аш-Шаъбий” таркибига киради ва давлатдан маош олади, бироқ айрим гуруҳлар амалда мустақил ҳарбий салоҳиятини сақлаб қолган. Бу эса Ироқ давлатида қарор қабул қилиш монополияси масаласини очиқ қолдирмоқда.
Бундан ташқари, Эрон билан яқин гуруҳларнинг айримлари қуролларини топширишга қарши чиқмоқда. “The Soufan Center” маълумотига кўра, айрим гуруҳлар 30 сентябрга белгиланган қуролсизланиш муддатини қабул қилмаган ва ҳукумат кейинчалик муддатни 2027 йилнинг июнигача суришга мажбур бўлган.
Бироқ Ғарб манбалари томонидан сиздирилаётган айни хавф, акс таъсирни ҳам кўрсатиш мумкин. Яъни, АҚШ каби кучларнинг бўлмаслиги унга қарши ҳаракатларнинг сабабини ҳам йўққа чиқаради.
Яна бир сабаб – Ироқнинг АҚШ ва Эрон ўртасидаги қарама-қаршилик марказида қолиб кетгани. 2026 йилда АҚШ ва Эрон ўртасидаги кескинлик кучайган пайтда Ироқ бу икки давлат ўртасидаги курашдан четда қолишга ҳаракат қилди. Аммо мамлакат ҳудудидаги Теҳронни қўлловчи қуролли гуруҳлар АҚШ объектларига ҳужум қилгани Вашингтоннинг ҳарбий базаларни сақлаш имкониятини пасайтирди. Маълумотларга кўра, Эрон билан боғлиқ гуруҳлар АҚШ элчихонаси, Бағдод халқаро аэропорти, Ироқ Курдистонидаги аэропортлар ва нефть-газ объектларига қарши юзлаб ракета ва дрон ҳужумларини амалга оширган. АҚШ эса айрим ҳолларда бу гуруҳларнинг позицияларига зарбалар берган. Бу вазиятда Бағдод учун АҚШ ҳарбийларини мамлакатда олиб туриш жуда хавфли.
Маълумотларга кўра, АҚШ кучларининг катта қисми Ироқнинг шимолидаги Курдистон ҳудудида, хусусан Эрбил атрофида жойлашган эди. Ушбу ҳудуд ИШИД хавфига қарши курашда АҚШ учун муҳим таянч нуқта бўлиб келган, бироқ айни пайтда у Эрон билан боғлиқ гуруҳларнинг ракета ва дрон ҳужумлари нишонига ҳам айланган.
Шу нуқтада АҚШнинг чиқиб кетиши шунчаки “муваффақиятли ўтган операция” эмас, балки ҳарбий ва сиёсий босим ҳосиласи дейиш мумкин. Вашингтон учун Ироқдаги катта ҳарбий миссияни тугатиш бир вақтнинг ўзида ресурсларни тежаш, ҳарбий хавф-хатарларни камайтириш ҳаракатидир. Бағдод учун эса бу ниҳоят “Ироқ хавфсизлиги учун Ироқнинг ўзи жавоб беради” деган сиёсий тамойилни қабул қилиш демакдир.
Live
All