Ироқда 75 минг йил олдин яшаган одамнинг суяклари топилди

World

−

image_2026-10-16_19-06-41

Ироқнинг Курдистон минтақасидаги ғордан топилган 75 минг йиллик неандертал қолдиқлари қадимги одамлар ўртасидаги зўравонлик ва ўзаро ғамхўрлик ҳақида янги маълумотларни очди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Қайд этилишича, тадқиқотчилар Ироқ шимолидаги Загрос тоғларида жойлашган Шанидар ғоридан ёши тахминан 40 ёшдан ошган неандерталнинг қисман сақланиб қолган скелетини топган. “Шанидар А” деб номланган ушбу шахснинг жинси аниқланмаган.

Унинг чап курак суягида диаметри 15 миллиметр бўлган думалоқ тешик аниқланган. Олимларнинг фикрича, жароҳат ўткир учли ёғоч найзанинг кучли зарбаси оқибатида юзага келган. Найза чап кўкрак қафасига юқоридан кириб, ўпка ва бошқа тўқималарни шикастлаган ҳамда курак суягини тешиб ўтган. Жароҳат тез ўлимга олиб келган бўлиши мумкин.

Тадқиқот муаллифлари ҳодисанинг энг эҳтимолий сабаби неандерталлар ўртасидаги зўравонлик эканини таъкидлаган. Уларнинг фикрича, ҳужум бир гуруҳ аъзолари ўртасида ёки рақиб гуруҳлар ўртасида содир бўлган бўлиши мумкин. Замонавий инсонлар ҳужуми ёки тасодифий жароҳатланиш эҳтимоли эса камроқ деб баҳоланган.

Шу билан бирга, олимлар неандерталларнинг ўзаро ғамхўрлик қилганига ҳам далил топди. Шанидар А нинг тишлари орасида бундан камида бир йил олдин юз берган оғир жароҳат излари аниқланган. Кучли зарба оқибатида унинг олд тишлари синган ва айримлари тушиб кетган, бошқалари эса ўз ўрнидан силжиган.

Тадқиқот раҳбари, Кембриж университети биологик антропологи Эмма Померойнинг айтишича, бундай жароҳатдан кейин овқат ейиш ва сув ичиш жуда қийин бўлган. Шу сабабли Шанидар А тикланиш даврида гуруҳдошларининг ёрдами ва парваришига муҳтож бўлган бўлиши мумкин.

“Шанидар А” қолдиқлари ғорда топилган беш нафар неандерталга тегишли суяклар орасидан аниқланган. Уларнинг тўрттаси катта ёшли, биттаси эса чақалоқ бўлган. Қолдиқлар ғор ичидаги қоятош устуни ортида бир-бирига яқин жойлашган ҳолда топилган.

Шанидар ғори 1950 йиллардан бери неандерталлар ҳаётини ўрганишда муҳим археологик манба ҳисобланади. Янги тадқиқот натижалари “Scientific Reports” журналида эълон қилинган.

Олимларнинг таъкидлашича, ушбу топилма неандерталларни ақлсиз ва бошқаларга бефарқ мавжудотлар сифатида тасвирлайдиган қарашларни шубҳа остига қўяди. Бир шахснинг ҳаётида ҳам зўравонлик, ҳам ғамхўрлик изларининг аниқланиши неандерталлар хулқ-атвори замонавий инсонларникига айрим жиҳатлардан ўхшаш бўлганини кўрсатади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ олимлар Хитойда Homo juluensis деб номланган қадимий одамнинг янги турини кашф этгани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends