Ироқдаги электр станциясида ёнғин чиқди. Қурбонлар бор

World

−

image

Ироқ жанубидаги Басра вилоятида жойлашган электр станциясида содир бўлган ёнғин оқибатида камида 4 киши ҳалок бўлди, яна 30 киши жароҳатланди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Қайд этилишича, ҳодиса бугун, 21 ноябрь куни Басра шаҳрининг шимолида жойлашган “Ал-Ҳарта” электр станциясида юз берган. Ёнғин ўчирувчилар ва фуқаро муҳофазаси ходимларининг ҳаракати натижасида ёнғин назоратга олинган.

Хавфсизлик хизмати вакилларининг маълум қилишича, аланга яқин атрофдаги уйларга ҳам тарқалган. Ҳодиса сабабли электр станцияси фаолияти вақтинча тўхтатилган. Қурбонлар сони ортиши мумкин.

Маълум қилинишича, станциянинг ўрнатилган электр энергияси ишлаб чиқариш қуввати 800 мегаваттни ташкил этади. Бироқ ёнғиндан олдин у тахминан 400 мегаватт қувватда ишлаган.
Ироқ давлат ахборот агентлиги хабар беришича, ҳозирча ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва етказилган зарар миқдори бўйича расмий маълумот берилмаган.

Маълумот учун, Ироқда электр инфратузилмаси кўп йиллардан бери етарли маблағ ажратилмаслиги, техник хизмат кўрсатишдаги муаммолар ва электр энергиясига бўлган юқори талабни қондиришдаги қийинчиликлар билан юзлашиб келади. Мамлакатдаги подстанциялар ва электр иншоотларида юз берадиган ёнғинлар ҳамда техник носозликлар аввал ҳам электр таъминотида узилишларга сабаб бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Индонезиянинг Марказий Ява провинциясидаги нефтни қайта ишлаш заводида юз берган портлаш оқибатида бир нафар ишчи ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди. 


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends