Инфантинонинг ҳисоботга киритилмаган 1,5 млн евролик даромади ошкор бўлди
Sport
−
13:42 944 2 minutes
FIFA президенти Жанни Инфантино ташкилотдаги маошидан ташқари, 2026 йилги Жаҳон чемпионатини ташкил этиш билан шуғулланувчи компаниядан ҳам 1,76 миллион доллар олган. Бироқ ушбу тўловлар FIFA’нинг ҳисоботларида акс эттирилмаган. Бу ҳақда “The Times” нашри хабар берди.
FIFA’нинг 2024 йилги йиллик ҳисоботида Инфантинонинг даромади 4,6 миллион еврони ташкил этгани кўрсатилган. Бироқ манбага кўра, ҳужжатда 2026 йилги Жаҳон чемпионатини АҚШда ташкил этиш билан шуғулланувчи FWC2026 US Inc. шўъба компаниясидан амалга оширилган тахминан 1,5 миллион евролик тўловлар ҳақида маълумот келтирилмаган.
“The Times” нашрининг тахминига кўра, ушбу маблағлар Инфантинонинг Майамидаги харажатларини қоплаш учун сарфланган бўлиши мумкин.
“Агар у FIFA билан боғлиқ компаниялардан қўшимча тўловлар олган бўлса ва бу маълумотлар ошкор қилинмаган бўлса, бу қоидаларнинг аниқ бузилиши ҳисобланади. FIFA низомлари тўлиқ шаффофликни талаб қилади”, дейди FIFA бошқарув қўмитасининг собиқ раиси Мигел Мадуро.
У мазкур ҳолат юзасидан текширув ўтказишга чақирган.
Аввалроқ, Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (UEFA), Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) ҳамда Шимолий, Марказий Америка ва Кариб ҳавзаси футбол конфедерацияси (CONCACAF) Инфантинони FIFA Forward Enterprise лойиҳаси билан боғлиқ фирибгарликда айблаган эди. FIFA эса қоидабузарлик ҳақидаги айбловларни рад этган.
Маълумот учун, 56 ёшли Жанни Инфантино 2016 йил февраль ойидан бери FIFA раҳбари сифатида фаолият юритиб келади. У 2027 йил 18 март куни Работда бўлиб ўтадиган FIFA президенти сайловида яна бир муддатга ўз номзодини илгари сурмоқчи.
Live
All