Индонезияда даҳшатли зилзила: қурбонлар сони кўпаймоқда (фоторепортаж)
World
−
17:39 645 2 minutes
Аввалроқ, Индонезия шарқий соҳиллари яқинида 7,7 магнитудали зилзила ва ўнлаб такрорий силкинишлар содир бўлгани ҳақида хабар берилган эди. Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар сони камида 38 кишига етди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Маълум қилинишича, зилзила бугун, 15 август куни эрталаб содир бўлган. Ундан кейин ўнлаб афтершоклар қайд этилган. Табиий офат оқибатларини бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда, аммо зилзила эпицентрига энг яқин ҳудудларга қутқарувчилар ҳали етиб бормаган.

Индонезия Миллий офатларни бошқариш агентлиги раҳбари Сухарянтонинг маълум қилишича, соат 15:00 ҳолатига кўра, 38 киши ҳалок бўлган, икки киши оғир, яна 11 киши енгил жароҳат олган. Тахминан 2 минг киши хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинган.

Қайд этилишича, Маумере порт шаҳрида қутқарувчилар вайроналар остида қолган 20 кишининг жасадини топган. Яна олти киши жароҳатланган, икки киши эса вайроналар остида қолган.

Шунингдек, зилзила оқибатида бир қатор бинолар вайрон бўлган, кўчкилар йўлларни тўсиб қўйган. Айрим ҳудудларда электр таъминоти узилган ва транспорт ҳаракатида тирбандликлар юзага келган.

Эпицентрга энг яқин Нагекео ҳудудига қутқарув гуруҳлари ҳали етиб бормаган. Маълум қилинишича, кўчкилар сабабли автомобилларда ҳаракатланиш имконсиз бўлган. Айрим қутқарувчилар ҳудудга паром орқали етиб боришга уринмоқда.

Шарқий Нуса-Тенгара провинцияси губернатори Эмануэл Мелкиадес Лака Лена зилзила пайтида бинолар қулаши оқибатида камида беш киши уйқуда ҳалок бўлганини маълум қилган.

Зилзиладан кейин айрим ҳудудларда баландлиги бир метрдан кам бўлган цунами тўлқинлари қайд этилган. Цунами хавфи ҳақидаги огоҳлантириш зилзиладан тахминан уч соат ўтиб бекор қилинган.

Индонезия Геофизика агентлиги маълумотига кўра, биринчи силкиниш маҳаллий вақт билан соат 04:58 да, 15 километр чуқурликда қайд этилган. Кейинчалик бир нечта такрорий силкинишлар содир бўлган.

Маълумот учун, 1992 йилда мазкур ҳудудда 7,5 магнитудали зилзила содир бўлиб, катта вайронагарчиликларга сабаб бўлган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 10 август куни Колумбиянинг ғарбий қисмида 7,4 магнитудали кучли зилзила содир бўлган эди.