Индонезияда 271 нафар йўловчиси бор паром ёниб кетди. Қурбонлар бор (видео)
World
−
03 August 1564 2 minutes
Индонезиянинг Шарқий Ява провинциясидаги Сурабая шаҳридан Жанубий Сулавесидаги Макасарга йўл олган, бортида 271 киши бўлган йўловчи пароми ёниб кетди. Оқибатда камида 5 киши ҳалок бўлди, ўнлаб йўловчилар бедарак йўқолди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Кеча, 2 август куни содир бўлган ҳодиса Мадура оролининг шимолидаги Суменеп регенсияси яқинида юз берган. Маълумотларга кўра, Mutiara Sentosa 2 паромида 232 нафар йўловчи, 39 нафар экипаж аъзоси ҳамда 181 та транспорт воситаси, жумладан, юк машиналари ва эксковатор бўлган.
Қайд этилишича, ёнғин маҳаллий вақт билан соат 06:00–07:00 оралиғида бошланган. Паром оператори PT Atosim Lampung Pelayaran воқеа ҳақида тахминан бир соат ўтиб қутқарув хизматларига хабар берган. Компания маълумотига кўра, кема капитани Мадура оролининг шимолий қисми яқинида паром ёнаётгани ҳақида хабар берган, бироқ орадан кўп ўтмай алоқа узилган.
Қутқарув хизматлари паромнинг Буруан Сапуди оролидан қарийб 19 денгиз мили шимолда эканини аниқлаган. Ёнғин вақтида яқин ҳудудда бўлган Meratus Project 3 юк кемаси ёнувчан юк ташиётгани сабабли аланга ичидаги паромга яқинлаша олмаган.
“Basarnas” эълон қилган видеоларда паромдан қалин қора тутун кўтарилгани акс этган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган тасвирларда эса қутқарув нимчаларини кийган йўловчилар палубада ёрдам кутаётгани, айримлари эса жон сақлаш мақсадида ўзларини денгизга ташлагани кўринади.
Билдирилишича, ҳозирда қидирув-қутқарув амалиёти давом этмоқда. Ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ҳозирча аниқланмаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 18 июль куни Гайана соҳиллари яқинида 133 нафар йўловчи ва экипаж аъзоси бўлган паром ағдарилиб кетгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All