Индонезияда ҳукумат тарқатган овқатдан 800 киши заҳарланди
World
−
14:57 618 1 minute
Индонезияда ҳукумат тарқатган бепул овқатдан қарийб 800 нафар одам заҳарланди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, Шарқий Яванинг Сидоарджо ҳудудида 512 нафар ўқувчи, Нганжук шаҳрида 49 нафар киши, Ғарбий Суматранинг Агам ҳудудида эса 237 нафар киши овқатдан заҳарланган.
Парламент комиссияси аъзоси Чарльз Хонориснинг таъкидлашича, бу ҳолатлар алоҳида ҳодисалар эмас. Депутат вазиятни “тизимдаги муаммо” деб баҳолаган.
Мазкур дастурни назорат қилувчи Миллий озиқланиш агентлиги ҳозирча депутатнинг баёноти юзасидан изоҳ бермаган. Агентлик Сидоарджодаги заҳарланиш ҳолатига алоқадор ошхонани 2 сентябрь куни фаолиятини тўхтатган.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 8 август ҳолатига кўра, ҳукуматнинг бепул овқат дастури билан боғлиқ оммавий овқатдан заҳарланиш ҳолатларидан 37 минг 600 нафар киши жабрланган.
Расмийлар овқатдан заҳарланиш ҳолатларига кўпинча таомларнинг нотўғри сақланиши ва тайёр овқатларни кеч етказиб бериш сабаб бўлаётганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳиндистоннинг Бихар штатидаги Парса ўрта мактабида ўқувчиларга туз ўрнига кир ювиш воситаси солинган таом берилгани айтилиб, 34 нафар бола шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All