ИИО ходимига $3 минг пора таклиф қилган шахс ушланди (видео)

Crime

image

Наманган вилоятида ўзига нисбатан тўпланган ҳужжатларни тергов органларига юбормаслик ва банк томонидан блокланган маблағларни блокдан чиқариб бериш эвазига ички ишлар ходимига 3 минг АҚШ доллари миқдорида пора таклиф қилган фуқаро ушланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Давлатобод туманида яшовчи фуқаронинг аризаси юзасидан терговга қадар текширув ўтказилган. Ўрганишлар давомида банк пластик картаси 2002 йилда туғилган фуқарога тегишли экани, ундаги пул маблағлари бошқа тадбиркорнинг банк картасига ўтказилгани аниқланган.

Шунингдек, МЧЖ раҳбарига тегишли iPhone 15 Pro Max ва Galaxy A34 5G русумли телефонлар кўздан кечирилган. Қурилмаларда ўрнатилган Mobcash иловасидаги бошқа шахс профилининг лимит ҳисобида 40 миллион 615 минг сўм, транзакциялар тарихида эса 4 миллиард 991 миллион сўм маблағ акс этгани аниқланган. Мазкур ҳолатлар юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Шундан сўнг, гумонланувчи фуқаро унга нисбатан тўпланган ҳужжатларни тергов органларига топширмаслик, қонуний чора кўрмаслик ҳамда банк томонидан блокланган маблағларни чиқариб бериш эвазига ички ишлар ходимига 3 минг доллар беришни таклиф қилган. Бироқ ички ишлар ходими пора олишдан бош тортган.

ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Фуқаро Наманган шаҳридаги Намангоний кўчасида майор Султоновга 3 минг АҚШ долларини пора тариқасида бераётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан 1991 йилда туғилган шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 211-моддаси (пора бериш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ички ишлар органлари ходимлари томонидан психотроп модда билан ушланган фуқаро ҳолатни ҳужжатлаштирмаслик эвазига ходимларга 10 минг АҚШ доллари миқдорида пора таклиф қилгани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends