Гвардиола Саудия терма жамоасини бошқариш таклифини рад этди
Sport
−
09:57 296 2 minutes
“Манчестер Сити”нинг собиқ бош мураббийи Хосеп Гвардиола Саудия Арабистони миллий терма жамоасини бошқариш таклифини рад этди. Бу ҳақда инсайдер Николо Скира Х ижтимоий тармоғида маълум қилди.
Гвардиоланинг вакили ҳам ушбу маълумотни тасдиқлаган. Унинг айтишича, сўнгги кунларда Саудия Арабистони томонидан воситачилар орқали бир нечта таклиф келиб тушган, бироқ испаниялик мутахассис уларни кўриб чиқишдан қатъий бош тортган.
Вакилнинг сўзларига кўра, 55 ёшли мураббий келажаги ҳақидаги масалани келаси мавсум бошлангунига қадар муҳокама қилишни режалаштирмаяпти. Аввалроқ, Саудия Арабистонининг “Ал-Наср” клуби ва мамлакат футбол федерацияси ҳам Гвардиолага қизиқиш билдирган эди.
Гвардиола 2026 йил ёзида “Манчестер Сити”ни тарк этгач, ишсиз қолади. У 2016 йилдан буён Англия клубини бошқариб келди. Испаниялик мутахассис жамоа билан 6 марта Англия чемпионлигини қўлга киритди ва 2023 йилда Чемпионлар лигасида ғолиб бўлди.
Бунга қадар Гвардиола “Барселона” ва “Бавария” клубларида ҳам бош мураббий сифатида фаолият юритган.
Маълумот учун, Грециялик мутахассис Йоргос Донис жорий йил апрель ойидан буён Саудия Арабистони терма жамоасини бошқариб келмоқда. Бунгача жамоада Роберто Манчини, Франк Райкард ва Карлос Алберто Перейра каби мутахассислар ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Гвардиола Италия ва АҚШ терма жамоаларини бошқариш таклифини рад этганди.
Live
All