Франция ва яна тўрт давлат Исроилнинг Ливандаги операциясини қоралади

World

image

Германия, Буюк Британия, Франция, Италия ва Канада Исроилни Ливанда кенг кўламли қуруқликдаги ҳарбий амалиёт ўтказмасликка чақирди. Улар бундай ҳаракат минтақадаги гуманитар вазиятни янада ёмонлаштириши мумкинлигини таъкидлади. Бу ҳақда кеча, 16 март куни эълон қилинган қўшма баёнотда айтилган. 

Ушбу давлатлар Ливандаги зўравонлик кучайиб бораётганидан жиддий хавотир билдирган ва Ливан ҳамда Исроилни можарони ҳал қилишга қаратилган музокараларда иштирок этишга чақирган.

“Ҳизбуллоҳ”нинг Исроилга ҳужумлари ва тинч аҳолига қарши зўравонликлар тўхтатилиши керак. Улар қуролсизлантирилиши лозим. Биз “Ҳизбуллоҳ”нинг Эронга қўшилиб ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш қарорини қоралаймиз, бу эса минтақадаги тинчлик ва хавфсизликни янада хавф остига қўймоқда”, дейилади баёнотда.

Шунингдек, баёнот муаллифлари тинч аҳоли, фуқаролик инфратузилмаси, тиббиёт ходимлари ва соғлиқни сақлаш объектларига, шунингдек Ливандаги БМТнинг вақтинчалик кучларига қилинган ҳужумларни қоралаган.

Шу билан бирга, Германия, Буюк Британия, Франция, Италия ва Канада Исроилнинг Ливандаги кенг кўламли қуруқлик операцияси “ҳалокатли гуманитар оқибатларга олиб келиши ва узоқ давом этадиган можарога сабаб бўлиши мумкин”лигини огоҳлантирган.

“Буни олдини олиш зарур. Ливандаги гуманитар вазият, жумладан аҳоли оммавий кўчирилиши аллақачон жиддий ташвиш уйғотмоқда”, дейилади хабарда.

Баёнот муаллифлари Ливан ҳукуматининг “Ҳизбуллоҳ”ни қуролсизлантириш, унинг ҳарбий фаолиятини тақиқлаш ва жанговар ҳаракатларни тўхтатиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирган.

“Биз ўз иродасига қарши бу можарога тортилган Ливан ҳукумати ва халқига бирдамлик билдирамиз”, дейилади баёнотда.

Ўша куни Германия канцлери Фридрих Мерц Берлиндаги матбуот анжуманида Исроилнинг Ливандаги қуруқлик операциясини хато деб атаган.

Унинг сўзларига кўра, бундай ҳаракат аллақачон оғир бўлган гуманитар ва миграция вазиятини янада кескинлаштиради.

Исроилнинг Ливандаги ҳарбий амалиёти

Исроил Мудофаа кучлари кеча, 16 март куни Ливан жанубида “Ҳизбуллоҳ”га қарши “чекланган қуруқлик операцияси” бошланганини маълум қилди.

Баёнотга кўра, операция “террорчи инфратузилмани йўқ қилиш” ва “олдинги мудофаа чизиғини яратиш ҳамда мустаҳкамлаш”га қаратилган. Ҳарбийлар фикрича, бу Исроил шимолидаги аҳоли хавфсизлигини кучайтиради.

Шунингдек, қуруқликдаги қўшинлар киритилишидан олдин Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари ва артиллерияси минтақадаги кўплаб нишонларга зарба бергани айтилди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends