Фожиа, можаро ва сиёсат: Нетаньяху “оут”ми?

Review

−

Reklama
0:00

Интернетда “диктатор” номи билан танилган футболчининг биргина ҳазили бутун футбол оламида катта силкинишларни келтириб чиқарди. Килиан Мбаппе ўзи билан боғлиқ мемлар ҳақида гапира туриб, Хитой Халқ Республикасининг асосчиси Мао Цзэдунни “хитойлик қайсидир диктатор” деб атади. Бу эса Хитой ҳукуматини кескин муносабат билдиришига сабаб бўлди. Хўш, энди узр сўрашдан фойда борми? Лула ҳокимиятга қайтди. Энди рақибини қамамоқчи. Аммо Болсонаро мамлакатдан қочишни танлади. АҚШда ўзини “Бразилиянинг ҳақиқий етакчиси” деб эълон қилган собиқ сенаторнинг эндиги тақдири қандай кечади Нетаньяхунинг курсиси қимирламоқда. Исроилда бўлиб ўтган сайловлар энди мамлакатдаги арабларнинг ҳам қарорлари вазнга эга бўла бошлаганини кўрсатмоқда. Аммо ҳали ким тўлиқ ғалаба қозонди аниқ эмас. Ҳаммаси Исхак Герцогга боғлиқ. Икки тезюрар поезд бир-бирига урилиб кетди. Испанияда мотам. Аммо бу шунчаки темирйўллардаги ҳалокат эмас, балки тизимга нисбатан норозиликнинг кучайиши бўлди. Мадрид кўчаларида ҳам намойишлар кетмоқда. Туркия 103га кирди. Шу муносабати билан ўтказилган Туркий давлатлар ташкилотининг 13-саммити ҳам катта янгиликлар ва кутилмаган баёнотларга бой бўлди. Хўш, туркий дунёни олдинда нималар кутмоқда.

Таги зил бўлган ҳазил

Дунёдаги энг машҳур футболчилардан бири бўлиш фақат майдонда гол уриш ёки соврин ютиш билангина чекланмайди. Миллионлаб мухлислари, миллиардлаб долларлик реклама бозори ва сиёсий жиҳатдан сезгир аудитория олдида ҳар бир сўз ҳам қимматга тушиши мумкин. Франциялик футболчи Килиан Мбаппе буни ўз танасида ҳис қилиб кўрди. Унинг Хитойнинг собиқ раҳбари Мао Цзэдун билан боғлиқ ҳазили ортидан хитойлик бир нечта йирик компания у билан ҳамкорликни тўхтатди, давлат телевидениеси Испания чемпионати трансляцияларини бекор қилди. Вазият шу даражага етдики, футболчининг ўзи ҳам, у тўп сураётган “Реал Мадрид” клуби ҳам Хитойдан узр сўрашга мажбур бўлди.

Одатда Килианни “диктатор” дейишади. Бу ҳазил тахаллус футболчининг майдонда ўзини тутиши, ўйин темпини тўлиқ ўзи назорат қилишга уриниши билан боғлиқ бўлиб, тармоқларда у иштирокида кўплаб юмористик суратлар, мемлар мавжуд. Аммо улардан бири футболчи ва Хитой ҳукумати ўртасида катта норозиликни яратди.

Можаро франциялик футболчининг ўз юзи билан ясалган қайси мемни энг кўп ёқтириши ҳақидаги саволга жавоб бериши билан бошланди. Хусусан, ўз юзини Хитойнинг собиқ раҳбари Мао Цзэдун суратига қўшиб ишланган тасвирни ёқтиришини айтган. Футболчи ушбу мемдаги шахсни “қандайдир хитойлик диктатор” деган. Мазкур видеолавҳа 26 октябрь куни интернетда вирус каби тарқалиши ортидан Хитой ижтимоий тармоқларида Мбаппега қарши кескин муносабат шакллана бошлади.

Аслида Мао Цзэдун Хитой тарихидаги муҳим фигуралардан биридир. У 1949 йилда Хитой Халқ Республикаси ташкил этилганидан 1976 йилда вафотигача мамлакатни бошқарган, Коммунистик партия тарихида алоҳида ўрин тутадиган сиёсий арбоб ҳисобланади. Унинг бошқаруви давридаги “Катта сакраш” ва “Маданий инқилоб” каби сиёсий кампаниялар эса миллионлаб инсонларнинг ҳаётига зомин бўлган оғир оқибатлари билан тарихда қолган.

Шунга қарамай, Мао образи бугунги Хитой сиёсий тизимида давлат ва партия тарихининг муҳим рамзларидан бири бўлиб қолмоқда. Айнан ижтимоий қадриятлар тизими шахсларнинг улуғворлиги устига қурилган жамиятларда Маонинг устидан кулиш ёки образини масхара қилиш мамлакатда оддий ҳазил сифатида қабул қилинмаган.

Шу туфайли ҳазил ортидан футболчига нисбатан босим фақат ижтимоий тармоқлардаги танқидлар билан чекланиб қолмади. 27 октябрь куни Хитойнинг бир нечта йирик компаниялари у билан ҳамкорликни дарҳол тўхтатишини эълон қилди. Улар орасида сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи Mengniu ва Shanghai Milkground, шунингдек, ичимликлар ишлаб чиқарувчи Eastroc Beverage каби йирик гигантлар бор эди. Компаниялар ўз баёнотларида Хитой халқининг миллий туйғуларига зарар етказадиган ҳар қандай хатти-ҳаракатга нисбатан муросасиз муносабатда эканини билдирган.

Бундан ташқари, Хитой давлат телевидениеси CCTV Испания Ла Лига чемпионати ўйинлари ва Мбаппе иштирокидаги тадбирлар трансляциясини тўхтатди. Футболчининг реклама тасвирлари ҳам олиб ташлана бошланди. Хитойнинг Weibo ижтимоий тармоғида Мбаппе билан боғлиқ тўртта мавзу энг кўп муҳокама қилинаётган ўнта мавзу қаторига кирди. Айрим фойдаланувчилар футболчини мамлакатда қора рўйхатга киритиш ва унинг тижорий қийматини нолга туширишга чақирган. Шунингдек, унинг Weibo ва Xiaohongshu платформаларидаги аккаунтларига чекловлар жорий этилган.

Мбаппе катта фигура, у билан боғлиқ муаммолар бутун бошли футболнинг муаммосига айланиб кетиши ҳеч гап эмас. Маълумотларга кўра, Ла Лига президенти Хавер Тебас Хитойнинг Испаниядаги элчиси билан учрашиб, юзага келган муаммони ҳал қилиш йўлларини муҳокама қилган. У ташкилот номидан хитойлик мухлислардан узр сўраб, Хитой лиганинг стратегик ҳамкори бўлиб қолишини таъкидлаган. Зеро, гап фақат битта футболчининг ҳазили ҳақида эмас, балки дунёнинг энг йирик истеъмол бозорларидан бири билан тижорий алоқалар хавф остида қолаётгани ҳақида ҳам борарди.
Мбаппе ҳам 27 октябрь куни инглиз, француз ва хитой тилларида баёнот бериб, узр сўраб Хитой ҳукуматига мурожаат қилди.

“Яқиндаги интервью давомида мен ўзимнинг тасвиримга муносабат билдирган эдим. Менинг изоҳим ўйланмай айтилган эди ва энди тушуниб етдимки, у Хитойдаги ҳамда бутун дунёдаги жуда кўп хитойликларнинг дилини оғритган.
Сўзларим туфайли хафа бўлган барчадан кечирим сўрайман. Мен мутлақо ёмон ниятда айтмаганман. Мен Хитой халқини ва унинг тарихини чуқур ҳурмат қиламан ҳамда чин дилдан афсусдаман”, дейди у.

28 октябрь куни эса Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Го Цзякунь Пекинда ўтказилган брифингда ушбу узрга муносабат билдирди. Баёнотда “биз тегишли шахс томонидан билдирилган узрни жиддий қабул қиламиз”, дейилди ва бу билан Пекин футболчининг баёнотини эътиборсиз қолдирмаётганини кўрсатди. Бироқ бу можаро тўлиқ ёпилди ёки Мбаппега нисбатан аввалги муносабат тикланади, дегани эмас.

Шу билан бирга, воқеа “Реал Мадрид” клубини ҳам ноқулай вазиятга қўйди. Дастлаб клуб футболчининг шахсий фикри унинг Хитой халқини ҳақорат қилиш ниятини англатмаслигини таъкидлаган. Бироқ Хитой давлат ОАВларида клубнинг муносабати танқид қилиниши ва CCTV томонидан узр талаб қилиниши ортидан 28 октябрь куни “Реал Мадрид” ҳам алоҳида баёнот билан чиқди. Клуб Мбаппенинг сўзлари туфайли хитойлик мухлисларда юзага келган ранжиш учун узр сўраб, Хитой тарихи, маданияти ва халқига ҳурмат билан муносабатда бўлишини билдирди.

“Клубимиз футболчимиз Килиан Мбаппенинг сўнгги баёнотлари туфайли юзага келган ҳар қандай ноқулайлик учун Хитой халқидан узр сўрайди. “Реал Мадрид” Хитойга, унинг тарихи, маданияти ва халқига, шунингдек, мамлакатдаги миллионлаб мухлисларимизга чуқур ҳурмат билан қарайди”, дейилади клуб расмий баёнотда.

Тарихни титкилайдиган бўлсак, бундай ҳолат аввал ҳам кузатилганини кўриш мумкин. 2019 йилда NBA клубларидан бири – “Houston Rockets” бош менежери Дарил Мори Гонконгдаги намойишларни қўллаб-қувватловчи пост эълон қилганидан кейин ҳам Хитойда катта норозилик юзага келган. Натижада Хитой давлат телевидениеси NBA ўйинлари трансляциясини бир йилга тўхтатган, айрим ҳомийлик шартномалари ҳам бекор қилинган. 2018 йилда эса Dolce & Gabbana брендининг Хитой маданиятини ҳақорат қилувчи деб баҳоланган рекламалари ортидан компания Шанхайдаги мода намойишини бекор қилишга мажбур бўлган.

Қисқа қилиб айтгдан, “Ҳаммники ўзига – ой кўринар кўзига”. Сиёсат шундай нозик бир торки, биргина кирчик нотўғри тебраниш катта ва баланд тўлқинларни вужудга келтириши мумкин. “Диктатор”нинг бир кичик хатоси ҳам футболга бугун миллион долларга тушаётгани бунинг яққол исботидир.

Бразилиядан қочиш

Бразилияда сайловлар якунланди, аммо кураш ҳали тўхтагани йўқ. Амалдаги президент Луис Инасиу Лула да Силва кутилмаган сиёсий бурилиш ясаб, ўнг қанот мухолифатчиси Флавио Болсонаро устидан ғалаба қозонди ва тўртинчи президентлик муддатини қўлга киритди. Бироқ сайловдаги мағлубиятни тан олишни истамаган ва олдинроқ ваъда қилинган қамоқдан қўрққан Болсонаро мамлакатни тарк этиб, АҚШга йўл олди. Майамига етиб борганидан кейин эса у ўзини Бразилиянинг ҳақиқий етакчиси деб эълон қилди. Дональд Трамп ҳам сайлов натижаларини шубҳа остига олиб, жараённи “сохталаштирилгандек” кўринганини айтмоқда. Лотин Америкасининг энг йирик давлатида ҳокимият учун кураш энди сайлов участкаларидан ташқарига кўчди.
25 октябрь куни бўлиб ўтган президентлик сайловларининг иккинчи босқичида 80 ёшли Луис Инасиу Лула да Силва 51,8 фоиз овоз билан ғалаба қозонди. Унинг рақиби, собиқ президент Жаир Болсонаронинг ўғли ва сенатор Флавио Болсонаро эса 48,2 фоиз овоз олган. Натижада Лула рақибидан қарийб 4,5 миллион овоз кўпроқ тўплаб, Бразилия тарихида тўртинчи президентлик муддатини қўлга киритган илк сиёсатчига айланди.

Шундай шароитда Флавио Болсонаро 27 октябрь куни Бразилияни тарк этди. Бунинг ортида унга ваъда қилинган қамоқ жазоси учун бошланган жиноий ишнинг бошланиши турар эди. Олий суд сенаторга нисбатан олиб борилаётган пул ювиш бўйича тергов иши элон қилган. Ғарчи Болсонаро айбловларни рад этган бўлсада, Бразилиядан қочишга қарор қилган. Маълумотларга кўра, у аввал Аргентинага ўтган, кейин хусусий самолётда Эквадор орқали АҚШнинг Майами шаҳрига етиб борган. Унинг рафиқаси ва икки қизи ҳам сафарда унга ҳамроҳлик қилган.

Вазиятнинг халқаро тус олиши ҳам айнан шу ерда бошланди. АҚШ Давлат департаменти Болсонаро ва унинг оиласига мамлакатга кириш визалари берилишини маълум қилган. Дональд Трамп эса бразилиялик сиёсатчининг АҚШга келишига қарши эмаслигини билдирган. Бундан ташқари, у 26 октябрь куни журналистлар билан суҳбатда Бразилиядаги сайловлар “яна бир сохталаштирилган сайловдек кўринганини" айтди. Бироқ Америка президенти бу даъвосини тасдиқловчи далил келтирмаган.

“Менимча, бу даҳшатли кўринди. Ростини айтсам, бу яна бир сохталаштирилган сайловга ўхшади. Мен ҳеч кимнинг тарафини олмадим, аммо бу томоша даҳшатли эди”, деган Трамп.

28 октябрь куни Майамига етиб келган Флавио Болсонаро эса вазиятни янада кескинлаштирди. У дастлаб ижтимоий тармоқларда эълон қилган мактубида ўзини “сайланган президент” деб атади ва сайлов натижаларини давлат тўнтаришига тенглаштирди. Кейинчалик ушбу мактубни ўчириб, янгиланган баёнотида ўзини Бразилиянинг “ҳақиқий етакчиси” деб эълон қилди. Унга кўра, мамлакатда сайлов натижаларини сохталаштириш орқали ҳокимият Лула ва унинг иттифоқчилари қўлига ўтган.

Қизиғи, у Бразилияни тарк этганини қочиш деб ҳисобламаслигини айтди. Аксинча, ўзини ва оиласини сиёсий таъқибдан ҳимоя қилиш учун мамлакатни тарк этганини билдирди. 

Шунингдек, Аргентина президенти Хавер Милей ва Дональд Трампга сафар давомида кўрсатган ёрдами учун миннатдорлик билдирди.
Лула да Силва эса рақибининг мамлакатдан чиқиб кетишини кескин танқид қилган. Унинг фикрича, ўзини айбсиз деб ҳисоблаган сиёсатчи мамлакатда қолиб, бунга суд орқали жавоб бериши керак эди. Бразилия раҳбари Флавионинг мамлакатни тарк этишини уятли ҳолат деб атаган.

Мазкур воқеа Вашингтон ва Бразилия ўртасидаги муносабатларга ҳам таъсир кўрсатмоқда. Лула маъмурияти АҚШни Болсонаролар оиласининг сиёсий қайтишига ёрдам беришда айблаган. “Reuters” сайловдан аввал ҳам АҚШ Давлат департаменти доирасида Болсонароларни яна ҳокимиятга олиб келишга қаратилган дипломатик ҳаракатлар бўлганини хабар қилган эди. Вашингтон эса Бразилиянинг ички сиёсий жараёнларига аралашаётганини рад этмоқда.
Шундай қилиб, Бразилияда сайлов якунланди, президент аниқланди, аммо сиёсий легитимлик учун кураш давом этмоқда. Бир томонда сайлов комиссияси ва халқаро кузатувчилар томонидан тан олинган ғалаба, иккинчи томонда эса далилларсиз сайлов сохталаштирилгани ҳақида гапираётган мағлуб номзод ва уни қўллаб-қувватлаётган дунёнинг энг қудратли давлати раҳбари турибди.

Исроил тақдири кимларнинг қўлида?

Исроилда 27 октябрь куни бўлиб ўтган парламент сайловлари мамлакат сиёсий ҳаётидаги навбатдаги мураккаб даврни бошлаб берди. Бош вазир Биньямин Нетаньяху ҳам, унинг асосий рақиби Гади Айзенкот ҳам ҳукумат тузиш учун етарли овоз тўплай олмади. Бироқ сайловнинг энг катта кутилмаган натижаси араб сайловчиларининг рекорд даражадаги фаоллиги бўлди. Улар парламентда 19 та ўринни қўлга киритиб, эндиликда Исроилнинг навбатдаги ҳукуматини ким бошқаришини ҳал қилишда муҳим кучга айланди. Қизиғи шундаки, йиллар давомида сиёсий жараёнлардан четда қолдирилган ушбу электорат бугун ҳукумат тақдирини белгилаши мумкин.

27 октябрь куни Исроилда бўлиб ўтган парламент сайловлари мамлакатдаги сиёсий кучлар мувозанатини жиддий ўзгартириб юборди. Сайловда Биньямин Нетаньяхунинг ўнг қанот ва ультраортодоксал партиялардан иборат блоки 53 та, унинг асосий рақиби, собиқ армия штаби бошлиғи Гади Айзенкот бошчилигидаги мухолиф кучлар эса 48 та депутатлик ўрнини қўлга киритди. Бироқ қонунчилик бўйича 120 ўринли Кнессетда ҳукумат шакллантириш учун камида 61 та овоз керак. Шу сабаб ҳар икки томон ҳам мустақил равишда ҳукумат тузиш имкониятидан маҳрум бўлган. Сайловнинг якуний натижаларига кўра, араб партиялари эса жами 19 та ўринга эга чиқди. Бу араб сиёсий вакиллиги учун мутлақ рекорд бўлди.

Сайловда умумий иштирок 77,9 фоизни ташкил этган. Бироқ энг катта фаоллик мамлакатдаги араб сайловчилари орасида кузатилган. “Mossawa” маркази маълумотларига кўра, араб фуқароларининг қарийб 80 фоизи овоз беришда қатнашган. Таққослаш учун, 2022 йилги сайловларда бу кўрсаткич 53 фоиз атрофида эди. Яъни, тўрт йил ичида араб электоратининг сиёсий фаоллиги сезиларли даражада ошган.

Араб сиёсий вакиллиги асосан икки сайлов бирлашмаси орқали шаклланган: Мансур Аббос бошчилигидаги Бирлашган араб рўйхати – Раъам ва бир нечта партияни бирлаштирган Қўшма рўйхат. Уларнинг парламентдаги жами 19 та ўрни эндиликда оддий мухолифлик билан чекланмайди. Чунки Айзенкот блокининг 48 та ўрни ва араб партияларининг 19 та ўрни биргаликда 67 тани ташкил этади. Бу эса Нетаньяху ҳукуматини бўғиб туриш учун математик жиҳатдан етарли кўрсаткичдир.

Айни пайтда, араб партиялари сиёсий ҳамкорликка тайёр эканини билдирмоқда. Қўшма рўйхат вакиллари Нетаньяху ҳукуматини ҳокимиятдан четлатиш учун барча имкониятлардан фойдаланишга тайёрлигини айтган. Раъам эса Айзенкот бошчилигидаги ҳукуматда иштирок этиш эҳтимолини ҳам очиқ қолдирмоқда. Бироқ улар бундай ҳамкорлик эвазига араб жамоаларига инвестицияларни ошириш, жиноятчиликка қарши курашиш, уй-жойларни бузиш амалиётини чеклаш ва тенг ҳуқуқлилик масалаларида аниқ кафолатлар талаб қилиши мумкин.

Сайловдан кейин Нетаньяху араб партияларининг муваффақиятини шубҳа остига олишга киришди. У 29 октябрь куни араб ҳудудларидаги овоз бериш жараёнида фирибгарлик содир этилгани ҳақида даъволар билдирган ва хорижий кучлар сайловга аралашган бўлиши мумкинлигини илгари сурди. Бироқ бу айбловлар бўйича тизимли сайлов қоидабузарликлари аниқлангани йўқ. Марказий сайлов комиссияси раҳбари Дин Ливне сайлов қонуний ўтказилганини ва унинг яхлитлигига тизимли зарар етказилганини кўрсатувчи асос йўқлигини билдирди. Араб сиёсатчилари эса Нетаньяхунинг баёнотларини уларнинг сиёсий иштирокини ноқонуний ёки номақбул кўрсатишга қаратилган ҳаракат сифатида баҳолаган.

Энди ҳукумат тақдири Исроил президенти Исаак Герцог қўлига ўтади. У парламентга кирган барча партиялар раҳбарлари билан маслаҳатлашиб, ким ҳукумат тузиш учун етарлича сиёсий кўмакка эга эканини аниқлаши лозим. Муҳим жиҳати шундаки, президент автоматик равишда энг кўп депутатлик ўрнини олган партия раҳбарига мандат бермаслиги мумкин.

Ҳозирча Айзенкотнинг президентдан биринчи мандатни олиш имконияти мавжуд. Чунки араб партиялари унинг номзодини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирган. Бироқ Нетаньяху ҳам сиёсий майдондан тўла четлатилгани йўқ. У бош вазир лавозимини янги ҳукумат шакллангунига қадар вақтинча сақлаб қолади. Бундан ташқари, Нетаньяху ўзининг амалдаги коалициясига мухолифатдаги айрим партияларни жалб қилиш ёки сиёсий келишмовчиликлар сабабли янги сайловларга эришиш вариантларини ҳам кўриб чиқиши мумкин.

Исроилдаги сайловларнинг энг муҳим натижаси шундаки, мамлакат сиёсий тизимида араб фуқароларининг овози энди эътиборсиз қолдириб бўлмайдиган кучга айланди. Бугун Исроил олдида турган асосий савол фақат Нетаньяху ҳокимиятда қоладими ёки Айзенкот унинг ўрнини эгаллайдими, деган масала эмас. Гап, шунингдек, мамлакатдаги араб фуқаролари сайловда берган овози орқали сиёсий қарорлар қабул қилиш жараёнида тенг ҳуқуқли иштирокчига айлана оладими, деган саволда ҳамдир.

Испаниядаги фожиа

Испанияда бир-бирига урилган иккита тезюрар поезд 69 кишининг ҳаётига зомин бўлди. Қурбонлар орасида 24 ёшли истиқболли енгил атлетикачи ҳам бор. Мамлакат ҳали ҳалокат оқибатларини бартараф этишга улгурмасидан, Мадрид кўчаларида ҳукумат ва транспорт вазирининг истеъфосини талаб қилган намойишлар бошланди. Энг ташвишлиси, бу 2026 йилда Испания темирйўлларида юз берган иккинчи йирик фожиа. Жамоатчиликни фақат поездлар тўқнашгани эмас, балки бундай ҳалокатларнинг олдини ололмаганларни лавозимдан четлатиш масаласи ҳам оёққа турғизди.

28 октябрь куни Испаниянинг Толедо провинциясида иккита тезюрар поезднинг тўқнашиши мамлакатни мотамга чўмдирди. Мадрид шаҳридан Севильяга қараб ҳаракатланаётган давлатга қарашли Renfe компаниясининг AVE поезди Урда шаҳарчаси яқинида хусусий Iryo компаниясига тегишли, темирйўл устида тўхтаб қолган бошқа поезднинг орқа қисмига келиб урилган. Маҳаллий вақт билан соат 08:53 да содир бўлган тўқнашув оқибатида бир нечта вагон рельсдан чиқиб кетган, айримлари эса темирйўл кўтармасидан пастга қулаб тушган. Ҳалокат вақтида иккала поездда жами 544 нафар йўловчи бўлган.

29 октябрь куни вафот этганлар сони 69 нафарга етди. Юздан ортиқ киши жароҳатланди, уларнинг айримлари оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. Испания ҳукумати 30 октябрь ҳолатига кўра, ҳалокат қурбонларини аниқлаш ва бедарак йўқолганларни қидириш ишларини давом эттирмоқда. Мамлакатда үч кунлик миллий мотам эълон қилинган. Бош вазир Педро Санчес фожиа юзасидан кенг қамровли тергов ўтказилишини ва эҳтимолий масъулиятсизлик ҳолатлари аниқланса, тегишли чоралар кўрилишини билдирган. Шу билан бирга, Мадриднинг Кибеле майдонида ҳалок бўлганлар хотирасига бағишланган алоҳида тадбир ҳам ўтказилди.

Ҳалок бўлганлар орасида 24 ёшли испаниялик енгил атлетикачи Хулиета Гальего ҳам бор. Германияда яшаган спортчи Испанияга қисқа муддатга келган ва Мадриднинг AD Sprint клубида узунликка сакраш бўйича шуғулланган. Испания енгил атлетика федерацияси унинг вафотидан чуқур қайғуда эканини билдириб, спортчининг оиласи ва жамоадошларига ҳамдардлик билдирган.

Бироқ фожианинг сабаблари ҳақидаги саволлар бундан ҳам жиддийроқ. Испания Транспорт вазири Оскар Пуэнте дастлабки маълумотларга кўра, ҳалокатга темирйўл ҳаракатини бошқарувчи тизимдаги компьютер носозлиги ва ундан кейин қабул қилинган нотўғри қарорлар сабаб бўлганини айтган эди. Унинг тушунтиришича, 08:30 атрофида юз берган техник носозлик оқибатида бир нечта поезд ҳаракати автоматик равишда тўхтатилган. Кейинчалик Мадриднинг Аточа станциясидаги марказий бошқарув маркази Renfe поездига ҳаракатни қайта бошлашга рухсат берган. Бироқ унинг олдида Iryo поезди ҳали ҳам темирйўлда тўхтаб турган эди.

Айнан шу ноаниқлик ва ҳукуматнинг темирйўл хавфсизлигини таъминлашдаги масъулияти Мадрид кўчаларида норозиликларга сабаб бўлди. 28 октябрь оқшомида мингдан ортиқ киши Испания Транспорт вазирлиги биноси олдида тўпланиб, вазир Оскар Пуэнте ва ҳукумат раҳбари Педро Санчеснинг истеъфосини талаб қила бошлади. Намойишчиларнинг айримлари Испания байроқларини кўтариб, ҳукуматга қарши шиорлар айтди. Вазият кескинлашиб, намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар юз берган. Айрим иштирокчилар полиция тўсиғига буюмлар ва мушакбозлик воситаларини улоқтирганидан кейин ҳуқуқ-тартибот ходимлари кўздан ёш оқизувчи газ қўллаган.

Энг ташвишлиси, бу Испания темирйўлларида йил бошидан бери юз берган биринчи йирик ҳалокат эмас. 18 январь куни мамлакат жанубидаги Кордова провинциясининг Адамус ҳудудида иккита поезд тўқнашиши оқибатида 46 киши ҳалок бўлган эди. Январь ва октябрь ойларидаги ҳалокатларда жами 115 киши ҳаётдан кўз юмгани маълум бўлди. Ҳар икки ҳодисада ҳам Renfe компаниясига қарашли поездлар иштирок этгани темирйўл инфратузилмаси ва хавфсизлик тизимларига нисбатан жамоатчилик эътиборини янада кучайтирди.

“Reuters” таҳлилига кўра, Испания 2018–2022 йилларда тезюрар темирйўл тармоғига йилига ўртача 1,5 миллиард евро сарфлаган. Бу Европадаги энг юқори кўрсаткичлардан бири бўлса-да, маблағларнинг атиги 16 фоизи мавжуд инфратузилмани таъмирлаш, янгилаш ва модернизация қилишга йўналтирилган. Асосий маблағлар эса янги темирйўл линияларини қуришга сарфланган. Бу рақамлар мамлакатда темирйўл тармоғини кенгайтириш билан унинг хавфсизлигини сақлаш ўртасидаги мувозанат масаласини кун тартибига олиб чиқмоқда.

Фожиа Испанияда 29 ноябрга белгиланган муддатидан олдинги парламент сайловлари арафасида юз бергани ҳам вазиятга сиёсий тус бермоқда. Одамлар орасида турли конспералогиялар тарқалмоқда. Фожиани Санчеснинг сиёсати самарасиз эканлигини кўрсатиш мақсадида ташқи кучлар таъсири билан боғлашмоқда. Аммо бундай асоссиз қарашларни исботловчи аниқ далиллар мавжу эмас.

Туркийларнинг байрами

Туркияда 29 октябрь куни Республика эълон қилинганининг 103 йиллиги нишонланди. Байрам муносабати билан Анқарага йиғилган туркий давлатлар раҳбарлари эса шунчаки тантаналарда қатнашиш билан чекланмай, ташкилотнинг келгуси сиёсий ва иқтисодий йўналишларини белгилаб олди. 30 октябрь куни бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг (ТДТ) 13-саммитида Ўрта коридор, энергетика, рақамли ҳамкорлик ва умумий инвестиция лойиҳалари муҳокама қилинган.

103 йиллик Туркия. 1923 йилнинг айнан 29 октябрь санасида Мустафо Камол Отатурк Туркия Республикасини эълон қилган ва унинг биринчи президенти этиб сайланган эди. Бу йилги байрам Анқарада алоҳида сиёсий аҳамият касб этди. Чунки тантаналар ортидан Туркий давлатлар ташкилотининг 13-саммити ўтказилиб, раислик ваколати Озарбайжондан Туркияга ўтди. “Туркий аср: тил, фикр ва амалда бирлик” шиори остида ташкил этилган учрашув 30 октябрь куни Анқарада якунланди.

Саммитда Туркия, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон президентлари, шунингдек, кузатувчи мақомидаги Туркманистон раҳбари Сердар Бердимуҳамедов иштирок этди. Бироқ ташкилотнинг асосий аъзоларидан бири бўлган Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг келмагани эътиборни тортди. Баку саммитда Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов орқали вакиллик қилди. Озарбайжон ОАВлари Алиевнинг иштирок этмаслигини аввалдан режалаштирилган бошқа тадбирлар билан изоҳлаган бўлса-да, бу ҳолат икки анъанавий иттифоқчи ўртасидаги сўнгги вақлардаги зиддиятли вазиятлардан кейин юзага келгани кўпчиликнинг эътиборини тортди.

Саммитнинг яна бир кутилмаган сиёсий сигнали эса Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаевдан чиққан. У Россияни ТДТнинг “ТДТ Plus” форматига жалб қилиш ёки унга кузатувчи мақомини бериш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилган. Тўқаевнинг фикрича, бу ташкилотнинг халқаро нуфузи ва ишончлилигини оширишга хизмат қилиши мумкин.

Бу таклиф бир қарашда иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилгандек кўринса-да, унинг геосиёсий мазмуни кўпчиликни хавотирга солмоқда. Зеро, ТДТнинг асосий транспорт лойиҳаларидан бири бўлган Ўрта коридор Хитой ва Марказий Осиёни Каспий денгизи, Кавказ ҳамда Туркия орқали Европа билан боғлайди. Мазкур йўналиш Россия ҳудудидан ўтувчи анъанавий шимолий транспорт йўлига муқобил сифатида ривожлантирилмоқда. Шундай шароитда Россияни ташкилот фаолиятига жалб этиш таклифи ўзига хос дипломатик парадоксни юзага келтирмоқда. Бироқ Тўқаев Россиянинг ташкилотга тўлиқ қўшилиши ҳақида якуний қарор таклиф қилгани йўқ, у кузатувчилик ёки махсус ҳамкорлик форматини назарда таклиф этиши, Федерация таркибидаги бошқа туркий халқларни ҳам қамраб олишни назарда тутгани айтилмоқда. Қолаверса, Қозоғистон раҳбари ТДТ ҳарбий иттифоққа айланмаслиги кераклигини ҳам алоҳида таъкидлаган.

“Россия йирик давлат сифатида асрлар давомида туркий дунё билан яқин алоқаларни сақлаб келмоқда. Ушбу мамлакат ҳудудида тарихан кўплаб туркий халқлар вакиллари истиқомат қилади. Ҳозирги вақтда Россия “Олтой – туркий цивилизация бешиги” лойиҳасини илгари сурмоқда ва Қозоғистон буни қўллаб-қувватлайди. Рус тилидаги жуда кўп сўзлар туркий келиб чиқишга эга.
Умуман олганда, агар Россия туркий мамлакатларнинг, яъни ташкилотимизнинг бир қисмига айланса, бу барча давлатларимизга фойда келтирган бўларди”, дейди Президент.

Учрашувда иқтисодий ва транспорт ҳамкорлиги ҳам асосий мавзулардан бири бўлган. Европа ва Осиёни боғловчи Ўрта коридорнинг аҳамияти тобора ортиб бораётган бир пайтда Тўқаев жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида ушбу йўналишдаги юк ташиш ҳажми 30 фоизга, транзит юклари эса 90 фоизга ошганини маълум қилган. Қозоғистон ва ТДТ давлатлари ўртасидаги темирйўл орқали юк ташиш ҳажми эса қарийб 40 миллион тоннага етган.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам ташкилот доирасидаги амалий ҳамкорликни күчайтиришга қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурган. Жумладан, “Туркий дунё – 100” дастурини қабул қилиш таклиф қилинди. Унга кўра, стратегик фойдали қазилмаларни чуқур қайта ишлаш, яшил энергетика ускуналарини маҳаллийлаштириш ва юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган 100 та қўшма инвестиция ва саноат лойиҳаси амалга оширилиши мумкин.

Мирзиёев, шунингдек, учинчи давлатлар билан ҳамкорликни кенгайтириш учун “Туркий давлатлар ташкилоти Plus” форматини ривожлантириш, Ўрта коридор бўйлаб ягона логистика тармоғини яратиш ва унинг бошқарувини мувофиқлаштиришни таклиф этди. Тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилиш учун тижорат масалаларида ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисида кўп томонлама битим ишлаб чиқиш ташаббуси ҳам билдирилди.

“Ишончим комилки, бугунги Анқара саммити олижаноб мақсадимиз, бирдамлик ғоямиз ва улуғвор режаларимизга эришиш йўлида муҳим қадам бўлади. Зеро, барчамизнинг орзу-истакларимиз ва интилишларимиз муштарак. Биз бир бўлсак, янада қудратлимиз. Ҳамжиҳат бўлсак, янада юксак марраларга албатта эришамиз”, дейди давлат раҳбари ўз нутқи якунида.

Бундан ташқари, туркий давлатлар ўртасида туризмни ривожлантириш мақсадида Туркий туризм альянсини ташкил этиш, Европа Иттифоқида бўлгани каби фуқароларнинг миллий ID-карталар орқали ўзаро сафар қилиш имкониятларини кенгайтириш таклиф қилинди. Умумий туркий сўзлар луғатини яратиш ташаббуси эса иқтисодий ҳамкорлик билан бир қаторда маданий интеграцияга ҳам эътибор қаратилаётганини кўрсатди.

Саммитда Эрдоған ҳам рақамли ҳамкорлик масаласига алоҳида тўхталди. У туркий тилларни қамраб олувчи умумий катта тил моделини ишлаб чиқиш, ягона рақамли савдо платформасини яратиш ва киберхавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни кучайтиришни таклиф қилган. Шунингдек, ташкилот доирасида қўшма 12U CubeSat сунъий йўлдош лойиҳаси якунлангани ва космик саноат соҳасидаги ҳамкорлик бўйича асосий битим имзолангани маълум қилинди.
Саммитнинг яна бир муҳим натижаси Ўзбекистоннинг халқаро ташкилотдаги институционал мавқеи билан боғлиқ бўлди. Ўзбекистон вакили Мирвоҳид Азимов ТДТ бош котиби лавозимини қабул қилиб олди. Ташкилотнинг навбатдаги саммитини 2027 йилда Ўзбекистонда ўтказиш тўғрисида ҳам қарор қабул қилинди.

30 октябрь куни саммит якунида Анқара декларацияси қабул қилинди. Унда транспорт, савдо, энергетика, рақамлаштириш, киберхавфсизлик ва маданий алоқаларни ривожлантириш устувор йўналишлар сифатида белгиланди. Туркия эса навбатдаги даврда ташкилот раислигини амалга ошириш билан бирга, унинг котибияти фаолияти ва аъзо давлатлар ўртасидаги мувофиқлаштириш механизмларини кучайтиришга киришади.

Умуман олганда, Анқара саммити туркий давлатлар ҳамкорлигининг шиддат билан ривожланиб бораётганини кўрсатиб берди. Логистика, тижорат, туризм ва ахборот каби яна кўплаб соҳаларда ўзаро интеграциялашув ҳали туркий дунё ягона бир куч сифатида халқаро майдонда катта ўрин эгаллашини кўрсатмоқда.
 


Author

Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends