Фавқулодда вазиятларда жабрланганларга 220 млн сўмгача пул берилади
Local
−
11:20 425 2 minutes
Ўзбекистонда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар оқибатида жабрланган аҳолига етказилган зарарни баҳолаш ва қоплаш механизми белгиланди. Бу ҳақда ҳукуматнинг жорий йил 3 ноябрдаги 606-сонли қарори билан тасдиқланган “Техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар оқибатида аҳолига етказилган зарарни баҳолаш ва қоплаш тартиби тўғрисида”ги низомда назарда тутилган.
Ҳужжатга мувофиқ, техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар қаторига транспорт авариялари ва ҳалокатлари, кимёвий хавфли ҳамда ёнғин-портлаш хавфи мавжуд объектлардаги ҳодисалар, энергетика ва коммунал тизимлардаги авариялар, шунингдек, бино конструкцияларининг тўсатдан бузилиши каби ҳолатлар киради.
Бундай вазиятлар оқибатида жабрланганларга етказилган зарар айрим ҳолларда туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги махсус жамғарма ҳисобидан қопланади. Бу қуйидаги ҳолатларга тааллуқли:
- суд томонидан фавқулодда вазият учун айбдор шахслар аниқлангунига қадар бўлган даврда;
- белгиланган муддатда айбдор деб топилган юридик шахслар ёки уларнинг мансабдор шахслари зарарни тўлиқ қоплай олмаган ҳолларда.
Зарарни қоплаш учун жабрланган фуқаролар фавқулодда вазият содир бўлган кундан бошлаб 30 кун ичида белгиланган шаклдаги аризани тўлдириб, тегишли комиссияга тақдим этиши лозим.
Шунингдек, комиссия далолатномаси асосида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг қарорлари билан жабрланганларга бир марталик моддий ёрдам ажратилади. Тўловлар айбдор деб топилган юридик шахслар ёки уларнинг мансабдор шахслари ҳисобидан амалга оширилади.
Моддий ёрдам миқдори жабрланиш ҳолатига қараб белгиланади. Жумладан:
- фавқулодда вазият оқибатида ҳалок бўлган фуқароларнинг оила аъзолари (турмуш ўртоғи, фарзандлари, ота-оналари ва қарамоғидаги шахслар) учун ҳар бир оила аъзосига тенг улушда БҲМнинг 500 бараваригача;
- оғир тан жароҳати олган фуқароларга БҲМнинг 200 бараваригача;
- ўртача оғирликдаги тан жароҳати олганларга БҲМнинг 150 бараваригача;
- енгил тан жароҳати олганларга БҲМнинг 100 бараваригача миқдорда бир марталик моддий ёрдам тўланади.
Live
All