Эронга кетаётган 17 нафар афғон муҳожири чўлда сувсизликдан вафот этди
World
−
11:05 1552 2 minutes
Афғонистондан Эронга ўтишга уринган 17 нафар мигрант йўлда ташналикдан ҳалок бўлди. Бу ҳақда “AmuTV” хабар берди.
Маълум қилинишича, воқеа жорий йилнинг 10 сентябрь куни Эроннинг Саравон шаҳри яқинидаги Ротак чегара ҳудудининг Мак-Сухтеҳ мавзесида содир бўлган. Мигрантлар йўл давомида сув захираси тугаб қолиши ортидан оғир сувсизланишга дуч келган.
Ҳалок бўлганлар орасида Афғонистоннинг Бағлон вилоятидан бўлган бир оиланинг 5 нафар аъзоси ҳам бор. Улар 45 ёшли она ҳамда 14, 16, 18 ва 22 ёшли тўрт қизидан иборат бўлган.
Маълумотларга кўра, ҳалок бўлганлар орасида 14 ёшга тўлмаган 6 нафар бола ҳам бўлган.
Марҳумларнинг қариндошлари ва воқеа гувоҳлари мигрантлар Эронга борадиган йўлда сув кескин танқис бўлганини ва шу сабабли одамлар сувсизликдан вафот этганини билдирган.
Эроннинг инсон ҳуқуқлари ва маҳаллий воқеаларни ёритувчи Haalvsh тарқатган видеоларда номаълум ҳудудда бир нечта қабр қазилаётгани акс этган. Ташкилот мазкур қабрлар йўлда ҳалок бўлган афғонлар учун тайёрланганини маълум қилган.
Афғонистон фуқароларининг Эронга бориш учун хавфли чўл йўлларидан фойдаланиши оқибатида юз бераётган шундай ҳолатларнинг биринчиси эмас. Август ойи бошида Афғонистоннинг жануби-ғарбидаги Нимрўз вилоятида Ҳаётуллоҳ исмли шахс ва яна 18 киши Маргов чўлини кесиб ўтиб, Эронга боришга уринган вақтида бедарак йўқолганди. Кейинчалик уларнинг кучли иссиқ ва сувсизлик оқибатида ҳалок бўлгани хабар қилинган.
Афғонистонда давом этаётган қашшоқлик, ишсизлик ва хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар сабабли кўплаб фуқаролар қўшни давлатларга ноқонуний йўллар орқали чиқишга уринмоқда. Бундай сафарларда мигрантлар кўпинча одам савдогарлари ёки контрабандачилар хизматидан фойдаланиб, чўл ва бошқа оғир ҳудудлардан ўтишга мажбур бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистонда 14 миллион киши кучли озиқ-овқат танқислигига дуч келаётгани, бу эса мамлакат аҳолисининг қарийб 32 фоизини, яъни ҳар уч кишидан бирини ташкил этиши ҳақида хабар берилган эди.
Live
AllRonaldu “Al-Nasr” klubini sotib olmoqchi
15 September