Эрон ШҲТ саммитини АҚШ сиёсатига қарши имконият деб баҳолади
World
−
12:58 821 2 minutes
Эрон Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этишни Форс кўрфази атрофида АҚШ томонидан юзага келтирилган кескинлик шароитида савдо-иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш учун стратегик имконият деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда Эрон парламенти Миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат комиссияси аъзоси Алаэддин Боружердий Теҳронда журналистларга маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, Эроннинг географик жойлашуви, ривожланган автомобиль ва темирйўл тармоқлари, шунингдек, Каспий денгизи орқали ўтувчи транспорт йўналишлари ШҲТ доирасида иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш учун катта имконият яратади.
“Географик жойлашувимиз, ривожланган қуруқлик, темирйўл ва Каспий йўналишларимиз, шунингдек, АҚШ томонидан минтақада юзага келтирилган инқироз фонида ШҲТ майдони минтақа давлатлари билан иқтисодий шерикликни кенгайтириш ва Вашингтоннинг экспансионистик сиёсатига қарши туриш учун олтин имкониятдир”, деган Боружердий.
Унинг сўзларига кўра, Эрон ШҲТ имкониятларидан савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва минтақа давлатлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида фойдаланиши мумкин.
Айни пайтда Бишкекда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг юбилей саммити бўлиб ўтмоқда. Қирғизистоннинг ташкилотдаги раислиги “25 йил ШҲТ: барқарор тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик сари биргаликда” шиори остида ўтказилмоқда.
Саммитда минтақавий хавфсизликдан тортиб, сунъий интеллектдан иқтисодиётда фойдаланишгача бўлган масалалар муҳокама қилинмоқда. Йиғилиш якунида иштирокчилар Бишкек декларациясини қабул қилиши режалаштирилган. Унинг лойиҳаси аввалроқ ШҲТга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари томонидан келишиб олинган.
Ҳозирда ШҲТ таркибига Беларусь, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон киради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой раиси Си Цзиньпин ва Россия Президенти Владимир Путин ШҲТ саммитида стратегик шерикликни янада мустаҳкамланганини эълон қилганди.
Live
All