Чорвоқда чўкиб кетганлардан бирининг жасади топилди

Crime

image

Жорий йилнинг 2 сентябрь куни Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани, “Бурчмулла” МФЙ ҳудудидаги Чорвоқ сув омборида чўкиб кетган 3 нафар фуқаро (ота ва 2 нафар ўғил)лардан бирининг жасади топилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, 3 нафар фуқаро катерда сайрга чиққан ва сувга тушиш тақиқланган ҳудудга бориб ҳимоя нимчасиз сувга тушиб чўкиб кетган. Хабар келиб тушган заҳоти ФВВ ғаввос-қутқарувчилари ҳодиса жойига етиб бориб, қидирув ишларини бошлаган.

Шунингдек, қидирув ишлари кўламининг кенглиги ва сув омборининг чуқурлигини инобатга олиб, ҳодиса жойида Фавқулодда вазиятлар вазири топшириғига асосан штаб фаолияти ташкил этилиб, қўшимча равишда Жиззах ва Сирдарё вилоятлари Фавқулодда вазиятлар бошқармаларидан қўшимча кучлар жалб этилган. Шу билан бирга, қидирув ишларида барча зарур техника ва замонавий асбоб-ускуналардан фойдаланилмоқда.

“Олиб борилган қидирув ишлари натижасида бугун соат 13:02 да чўкиб кетган фуқаролардан бирининг жасади топилди”, дейилади хабарда.

Билдирилишича, қидирув ишлари давом эттирилмоқда.

Ўзи нима бўлган эди?

Жорий йилнинг 2 сентябрь куни Тошкент вилоятидаги Чорвоқ сув омборида чўкиб кетган бир оила катерда сув бўйлаб сайр қилган ва суратга тушиш мақсадида чўмилиш тақиқланган ҳудудда тўхтаган. Кейинчалик улар шу жойнинг ўзида чўмилишга қарор қилган. Айтилишича, чўмилиш вақтида улар қутқарув нимчаларидан фойдаланмаган. Катерни бошқариб келган ҳайдовчи фуқароларга сувга тушишдан аввал қутқарув нимчаларини кийишни тавсия қилган, бироқ унинг тавсиясига риоя қилинмаган.

Сувга тушган биринчи бола оёғининг томири тортиб қолган. Шундан сўнг отаси уни қутқариш учун сувга тушган. Кейин яна бир ўғил сувга кирган. Шу тариқа ота ва унинг икки ўғли кетма-кет чўкиб кетган. Шунингдек, ҳодиса содир бўлган ҳудудда шамол бўлиб турган, сувда озгина тўлқин ҳосил бўлган. Ўша жараёнда чўкиш ҳолати юз берган. Ҳодиса вақтида катерда аёл ва яна уларнинг бир синглиси ҳам бўлган. Улар атрофдагилардан ёрдам сўраган. Катер ҳайдовчиси ҳам сувга тушиб, уларни қутқаришга уринган, бироқ бунинг имкони бўлмаган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends