Бундай ҳалокатлардан кейин лавозимимда қололмайман – Испания Транспорт вазири
World
−
10:48 565 3 minutes
Испанияда камида 69 кишининг умрига зомин бўлган поездлар тўқнашуви Транспорт вазирининг истеъфосига сабаб бўлди. Оскар Пуэнте бир йил ичида иккинчи йирик темирйўл ҳалокати содир бўлгани учун лавозимидан кетишини эълон қилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Қайд этилишича, вазир ўз қарорини жорий йилнинг 3 ноябрь куни парламентдаги мажлис якунида эълон қилган. У Транспорт вазири лавозимидан кетиши билан бирга, муддатидан олдин ўтказиладиган парламент сайловларидаги номзодини ҳам қайтариб олган.
“Испания каби мамлакатда транспорт вазири бир йилдан кам вақт ичида бундай оғирликдаги иккита ҳодисадан кейин ўз лавозимида қолиши мумкин эмас”, деган Пуэнте.
Мазкур ҳалокатдан сўнг консерватив Халқ партияси (PP), ўнг қанотдаги “Vox” партияси ва ҳукуматнинг айрим иттифоқчилари транспорт вазирининг истеъфосини талаб қилган. Улар Испания темирйўл тизими хавфсизлиги ва унинг ишончлилиги борасида жиддий саволлар пайдо бўлганини билдирган.
Шунингдек, мухолифат Пуэнтенинг ҳалокат сабабларини инсон омили билан изоҳлаганини танқид қилган. Уларнинг фикрича, вазир шу йўл билан ўзининг масъулиятини бошқа томонга буришга уринган.
Испания Бош вазири Педро Санчес эса вазирнинг қарорини қўллаб-қувватлаган. Унинг айтишича, Пуэнте вазиятга юзма-юз келган, саволларга жавоб ва ечимлар тақдим этган, сўнг лавозимини тарк этган.
Терговга оид дастлабки маълумотларга кўра, ҳалокат содир бўлган темирйўл участкасида автоматик сигнализация тизимида носозлик юзага келган. Компьютер тизимидаги муаммо сабаб поездлар ҳаракати тўхтатилган.
Испания ОАВларида эълон қилинган аудиоёзувларда Мадриддаги бошқарув маркази ходимлари ва икки поезд ҳайдовчиси ўртасидаги суҳбатлар акс этган. Уларда Renfe поезди ҳайдовчисига йўлни давом эттиришга рухсат берилгани, бироқ шу вақтда Iryo поезди ҳаракатсиз тургани эшитилади.
Аудиоёзувлардан бирида Iryo поезди ҳайдовчиси бошқарув марказига поезд Урдадаги кириш сигнали олдида тўхтаб турганини ва ҳаракатлана олмаётганини маълум қилган. Кейинги суҳбатда ҳам у поезднинг хавфсизлик тизимини бошқара олмаётганини билдирган.
Таъкидланишича, Испанияда 29 ноябрь куни муддатидан олдинги парламент сайловлари бўлиб ўтади. Поездлар ҳалокати эса ҳукмрон социалистик ҳукумат учун сайловлар олдидан жиддий сиёсий муаммога айланган.
Эслатиб ўтамиз, фожиа жорий йилнинг 28 октябрь куни Мадрид – Севилья йўналишидаги Урда шаҳри яқинида содир бўлганди. Аввалига Урда станцияси ҳудудида содир бўлган фавқулодда ҳодиса оқибатида камида 39 киши ҳалок бўлгани маълум қилинган эди. Кейинчалик Испания ОАВлари темир йўл ҳалокатида ҳалок бўлганлар сони 50 кишига етганини хабар қилди. Шунингдек, камида 179 киши жароҳатлангани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев поездлар тўқнашуви оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани ва жароҳат олгани муносабати билан Испания қироли Фелипе VI номига ҳамдардлик йўллади.