Бугундан барча ҳайвонларга паспорт олиш кучга кирди
Local
−
12:16 3710 2 minutes
Аввалроқ, Ўзбекистонда ҳайвонларни идентификация қилиш ва рўйхатга олиш бўйича янги тартиб жорий этилиши ҳақида хабар берилган эди. Бугун, 7 август кунидан бошлаб ушбу талаб расман кучга киради. Бу ҳақда “Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тўғрисида”ги қонунда белгиланган.
Мазкур қонунда ҳайвонларни идентификация қилиш ва рўйхатга олишнинг аниқ муддатлари белгиланган. Жумладан, қорамол, қўй, эчки ва туялар туғилганидан 14 кундан кейин, отлар 4 ойдан кейин, чўчқалар 1 ойдан кейин, итлар ва мушуклар эса 3 ойдан кейин идентификация қилиниши ҳамда рўйхатга олиниши лозим.
Бунда ҳайвонлар белгиланган муддатлар тугаганидан кейин бир ойдан кечиктирмай рўйхатдан ўтказилиши керак. Шунингдек, сақлаш ёки кўпайтириш мақсадида Ўзбекистон ҳудудига олиб кириладиган ҳайвонлар киритилган санадан бошлаб 21 кундан кечиктирмай идентификация қилиниши шарт.
Қонунга мувофиқ, Ўзбекистонда сақланадиган ва кўпайтириладиган ҳайвонлар сўйилган, нобуд бўлган, ўлган, йўқ қилинган ёки мамлакат ҳудудидан ташқарига олиб чиқилган тақдирда, улар 7 кунлик муддатда ҳисобдан чиқарилади.
Шу билан бирга, ваколатли давлат органининг вакили ҳайвон эгасининг мурожаати асосида 5 иш куни ичида ҳайвонни идентификация қилиши ва рўйхатдан ўтказиши лозим.
Қонунда ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш соҳасидаги ваколатли орган сифатида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси белгиланган.
Мазкур тартиб орқали ҳайвонлар ҳақидаги маълумотларни ягона электрон ахборот тизимида юритиш, уларнинг келиб чиқиши, ҳаракати ва касалликлари ҳақидаги маълумотларни кузатиб бориш имконияти яратилади. Ҳайвонлар тўғрисидаги маълумотлар электрон ахборот тизимига киритилади. Ушбу тизимда ҳайвоннинг эгаси, идентификация рақами, ҳайвон ҳақидаги маълумотлар, унинг ҳаракати, шунингдек касалликларнинг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволашга оид маълумотлар сақланади.
Бундан ташқари, қонуннинг 12-моддаси иккинчи қисми 2028 йил 1 январдан кучга киради. Унга кўра, ҳайвон эгалари ҳайвонларни идентификация қилиш ва рўйхатга олиш талабларига риоя қилиши, белгиланган тартибда ваколатли давлат органига мурожаат қилиши ҳамда идентификация қилинмаган ва рўйхатга олинмаган ҳайвонларни сақлаши ёки кўпайтиришига йўл қўймаслиги шарт.
Live
All