Бугун “Нефтчи” ва “Пахтакор” Элит ОЧЛдаги иштирокини бошлайди
Sport
−
12:58 895 2 minutes
Бугун, 14 сентябрь куни Элит Осиё Чемпионлар лигаси 2026-2027 йилги мавсум старт олади. Кун доирасида Ўзбекистоннинг икки клуби “Нефтчи” ва “Пахтакор” ҳам ўз учрашувларини ўтказади.
Амалдаги Ўзбекистон чемпиони “Нефтчи” ўз майдонида Ироқнинг “Эйр Форс” жамоасини қабул қилади. Фарғонада бўлиб ўтадиган учрашув соат 18:45 да старт олади.
“Нефтчи” мусобақада ўз майдонидаги баҳсдан унумли фойдаланиб, мухлислари қаршисида муҳим очколарни қўлга киритишга ҳаракат қилади.
“Бу мусобақада омадли рақибнинг ўзи йўқ. ОЧЛга ўз мамлакатининг энг яхши жамоалари чиқади. “Эйр Форс” олти карра Ироқ чемпиони. Тўғри, улар мавсумни яхши бошлай олмайди. Лекин бизнинг вазифамиз рақибнинг муаммосини муҳокама қилиш эмас. Биз ўз ўйинимизга эътибор қаратамиз. Рақиб ким бўлишидан қатъи назар. Олдимизга қўйган вазифани бажаришимиз керак. Вазифамиз эса тезлик ва юқори прессингли вертикал футбол намойиш этиш. Осиё даражасида рақобат қилиш учун айнан шундай ўйин услуби керак бўлади. Рақиб ким бўлишидан қатъий назар уларга бир хил назар билан қараймиз”, дейди “Нефтчи” жамоаси бош мураббийи Ислом Исмоилов ўйин олдидан ўтказилган матбуот анжуманида.
Ўзбекистоннинг амалдаги Кубок соҳиби “Пахтакор” эса бугун, 14 сентябрь куни сафарда майдонга тушади. Тошкентликлар Саудия Арабистонининг “Ал-Аҳли” клубига қарши баҳс олиб боради. Учрашув соат Тошкент вақти билан 23:15 да бошланиши белгиланган.
“Биз мусобақанинг гуруҳ босқичини бошлаётганимиздан хурсандмиз. Жиддага узоқ парвоз билан етиб келдик. Жамоамиз ўйинга яхши тайёрланди. “Ал Аҳли”нинг кучли клуб эканини биламиз. Уларнинг сафида юқори савияли футболчилар кўп. Шунга қарамай, яхши ўйин намойиш этишга интиламиз. Бир мақсад сари якдил жамоага айланамиз. Ижобий натижага эришиш учун ҳаракат қиламиз”, дейди “шерлар”нинг ОЧЛдаги бош мураббийи Эмилиан Карас.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг ҳар икки клуби “Нефтчи” ва “Пахтакор” ҳам Криштиану Роналду етакчилигидаги “Ал Наср” билан баҳс олиб боради. Фарғона жамоаси жорий йилнинг 12 октябрь куни сафарда Саудия клуби меҳмони бўлса, Криштиану Роналду ва унинг жамоаси жорий йилнинг 2 ноябрь куни Тошкентга келади.
Live
All