Бош вазирга болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича сенатор сўрови юборилди
Local
−
17:19 1193 4 minutes
Бош вазир Абдулла Ариповга болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш масаласи бўйича сенатор сўрови юборилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати хабар берди.
Қайд этилишича, болалар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, болаларни ҳар қандай тазйиқ ва зўравонликдан асраш ҳамда вояга етмаганлар билан ишлайдиган соҳаларга зўравонлик билан боғлиқ жиноят содир этган шахсларнинг кириб келишининг олдини олиш борасида қонунчиликда қатор механизмлар белгиланган.
Жумладан, 2023 йил 11 апрелда қабул қилинган “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан алоҳида тоифадаги шахсларнинг таълим, тарбия, болалар соғломлаштириш, спорт ва ижодий ташкилотларида ишлаши ҳамда болалар билан бевосита ишлашни назарда тутувчи фаолият турлари билан шуғулланиши тақиқланган ҳамда бундай шахсларнинг реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби белгилаб берилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 3 мартдаги ПФ-33-сонли фармони билан тасдиқланган “Йўл харитаси”да соғлиққа, жинсий эркинликка, оилага, ёшларга ва ахлоққа қарши жиноятлар содир этган шахсларга оид махсус реестр юритиш тизимини такомиллаштириш, уларни мониторинг қилиш ҳамда вояга етмаганлар билан ишлайдиган ташкилотларга реестрдаги маълумотлардан фойдаланиш имкониятини яратиш вазифалари белгиланган.
Аммо амалиётда ушбу талабларнинг ижроси, жумладан, реестрдаги маълумотлардан фойдаланиш ва вояга етмаганлар билан ишлайдиган ташкилотларда тегишли назорат механизмларининг қўлланилиши юзасидан қатор масалалар мавжуд.
Шу муносабат билан сенатор Малика Қодирхонова Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Ариповга сенатор сўрови юборган.
Сўровда соғлиққа, жинсий эркинликка, оилага, ёшларга ва ахлоққа қарши жиноятлар содир этган шахсларга оид махсус реестрнинг ҳолати ва ундан амалиётда фойдаланиш даражаси, вояга етмаганлар билан ишлайдиган давлат органлари ва ташкилотлар томонидан реестрга оид маълумотларни олиш учун юборилган сўровлар сони ва натижалари, шунингдек, реестрга киритилган шахсларнинг меҳнат фаолияти билан боғлиқ масалалар юзасидан маълумот бериш сўралган.
Шунингдек, аниқланган тизимли муаммоларни бартараф этиш ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш механизмларини янада кучайтириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида асослантирилган тушунтиришлар ҳам олиш назарда тутилган.
Намангандаги боғчада фожиа
Аввалроқ, Наманган вилоятидаги боғчада омбор мудири 5 яшар тарбияланувчини зўрлагани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур ҳолат юзасидан Учқўрғон тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан жорий йилнинг 12 сентябрь куни Жиноят кодексининг 118-моддаси (Номусга тегиш) 4-қисми ва 112-моддаси (Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу жиноятни содир этишда гумонланаётган К. М. процессуал тартибда ушланган ва унга нисбатан суд томонидан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, yшбу воқеа ортидан Ўзбекистондаги боғчаларда ходимларни текшириш бошланганди ҳамда юз берган кўнгилсиз ҳолатни атрофлича ўрганиш, масъулларнинг хизмат вазифасига лойиқлигини кўриб чиқиш бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Ишчи гуруҳ тузилганди. Ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тақдимнома киритган. Мазкур ҳолат бўйича терговни Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев шахсан назоратга олган.
Шунингдек, Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева 5 яшар қизни зўрлаган омбор мудирига максимал оғир жазо берилишини билдирган эди. Намангандаги 5 яшар қизалоқ билан боғлиқ фожиа ортидан унинг оиласи бошқа шаҳарга кўчирилиб, уларга уй-жой ва зарур реабилитация хизматлари кўрсатилиши ҳам маълум қилинган. Ўзбекистонда болаларга нисбатан зўравонлик содир этганлик учун жавобгарликни кескин кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига киритилган эди.
Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова Наманганда қизалоққа қилинган зўравонлик ортидан ҳодисага муносабат билдириб, болалар тақдирига бефарқ, ўз вазифасига масъулиятсиз муносабатда бўлган инсонларнинг таълим тизимида ишлашига йўл қўйилмаслигини билдирган эди.
Live
All