“Азоб чекдим”. Роналду хайрлашув мурожаатида нималар деди?
Sport
−
16:31 1337 3 minutes
Беш карра “Олтин тўп” соҳиби Криштиану Роналду Португалия терма жамоасидаги фаолиятини якунлаётганини маълум қилди. 41 ёшли футболчи ижтимоий тармоқларда беш дақиқалик видеомурожаат эълон қилиб, мухлисларга йиллар давомида кўрсатган қўллаб-қувватлови учун миннатдорлик билдирди.
“Португалия халқи учун миллий терма жамоамизнинг 7-рақамли футболкасини қайтариш вақти келди. Мен уни ҳеч қачон фақат ўзимники деб ҳисобламаганман. Аммо 23 йил давомида уни кийиш, ҳимоя қилиш ва бутун дунё стадионларига олиб чиқиш шарафи ҳамда масъулиятига эга бўлдим. Бугун буни келажакка қолдириш вақти келди. Бу осон қарор бўлмади, чунки баъзи қарорлар фақат ақл билан қабул қилинмайди. Улар юрак билан ҳам қабул қилинади”, дейди Роналду.
Роналду терма жамоадаги фаолияти 2003 йил август ойида бошланганини таъкидлаб, 23 йил давомида Португалия шарафини ҳимоя қилиш унинг учун катта шараф ва масъулият бўлганини айтди.
“Терма жамоадаги фаолиятим давомида ўз имкониятларим чегарасидан чиқишга интилдим. Ғалаба қозонишни, энг яхши бўлишни, тарихга киришни хоҳладим. Мен доимо ўзимдан кўп нарса талаб қилдим. Ҳар доим кўпроғини истадим ва олдинга интилишимиз мумкинлигига ишондим. Ушбу футболка учун бор кучимни сарфладим. Унутилмас қувончли кунлар ва кечалар, ҳеч қачон ёдимдан чиқмайдиган ғалабалар, эслаш қийин бўлган мағлубиятлар ҳам бўлди. Мен ҳам муваффақиятсизликка учрадим, азоб чекдим, баъзан португал халқига улар кутган нарсани бера олмадим. Аммо ҳеч қачон таслим бўлмадим. Энг муҳими, Португалия шарафини ҳимоя қилишдан фахрланишдан ҳеч қачон тўхтамадим”, дейди Роналду.
Роналду голлар ва совринлар бир кун келиб унутилишини, лекин инсонлар қалбида эгаллаган ўрни абадий қолишини айтди.
“Бу йиллар давомида жуда оддий ҳақиқатларни англадим. Голлар унутилади, совринлар музейларда қолади, рекордлар эса бир кун келиб янгиланади. Аммо вақт ҳеч қачон ўчира олмайдиган бир нарса бор: инсонлар қалбидан эгаллаган ўрнимиз. Агар мен қачондир сизларни хурсанд қилган бўлсам, голларимдан бири кимнидир яқинини қучоқлашга, қийин дамларни унутишга ёки мамлакатимиз билан фахрланишга ундаган бўлса, демак, буларнинг барчаси бунга арзийди. Чунки португалиялик бўлиш ҳам айнан шуни англатади. Биз бирга азоб чекамиз, бирга юксаламиз ва яна ишонишда давом этамиз”, дейди Криштиану.
У баёнотининг якунида уни қўллаб қувватлаган барча мухлисларда ўз миннатдорлигини билдирди.
“Мен бутун умримни дунёнинг энг яхши футболчиси бўлиш учун меҳнат қилишга бағишладим. Бугун эса энг катта ғалаба дунёнинг энг яхши мамлакатини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга бўлиш эканини англадим. 23 йил учун раҳмат. Менга ишонганингиз учун раҳмат. Мадейрада болалигимда тўп ортидан югуриб юрган пайтларимда бошланган орзуимни амалга оширишимга имкон берганингиз учун ташаккур. 7-рақамли футболка мен билан қолади. Уни кийганимдан фахрланиш туйғуси эса абадий мен билан бўлади. Португалия ҳамиша менинг бир қисмим бўлиб қолади”, дея мурожаатини якунлайди Роналду.
Маълумот учун, Криштиану Роналду Португалия терма жамоаси сафида жами 234 та ўйинда майдонга тушиб, 146 та гол урган ва 45 та голли узатмани амалга оширган. Роналду терма жамоа билан 2016 йилги Европа чемпионатида ғолиб чиққан. Шунингдек, у икки марта (2018-2019 ва 2024-2025 йилларда) UEFA Миллатлар лигасида чемпионликни қўлга киритган.
Live
All