Айрим корхоналарга ижтимоий солиқ ставкаси 2 фоиз бўлади
Local
−
19:22 369 3 minutes
Жорий йил 1 октябрдан қишлоқ туманларида эҳтиёжманд оила аъзосини ишга олган корхоналар учун ушбу ходим бўйича ижтимоий солиқ ставкаси 2 фоиз бўлади. Бу ҳақда бугун, 9 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев ўтказган ҳудудларда аҳоли бандлиги ва даромадини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан кенгайтирилган йиғилишда маълум қилинди.
Жорий йилнинг 3 сентябрь куни давлат раҳбари раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича ишларни янги босқичга олиб чиқиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди. Унда ҳудудларда ишни ташкил этиш тартиби тубдан ўзгартирилиб, асосий ваколат ва ресурсларни туман даражасига тушириш белгиланганди.
Янги тизимга мувофиқ, ҳар бир вилоят ва туманда ҳоким бошчилигида штаблар ташкил этилиб, бандлик идоралари ва иқтисодий комплекс ташкилотлари одамларни иш билан таъминлаш ва даромадини ошириш масалаларини жойнинг ўзида ҳал қилиши лозим.
Бугунги йиғилишда ана шу вазифалар ижроси, штаблар фаолияти ва жойларда мавжуд имкониятлардан фойдаланиш ҳолати танқидий кўриб чиқилган.
Қайд этилишича, барча ҳудудларда штаблар иш бошлаган. Уларнинг фаолиятини самарали ташкил этиш учун иқтисодий комплексдан ҳар бир вилоятга 2 нафардан, жами 28 нафар масъул раҳбар бириктирилган. Ислоҳотлар штаби, вазирликлар, банклар ва маҳаллий ҳокимликлар янги тизим асосида ишни бошлаган.
Шу билан бирга, айрим раҳбарлар ҳали ҳам ишни кабинетдан туриб ташкил этаётгани, маҳаллага тушиб, ҳар бир оила ва ҳар бир корхонадаги ҳақиқий ҳолатни ўрганмаётгани кўрсатиб ўтилган. Давлат раҳбари бундай ёндашув билан натижага эришиб бўлмаслигини таъкидлаган.
Ҳокимлар камбағаллик масаласига фақат ижтимоий реестр нуқтаи назаридан қарамаслиги зарурлиги қайд этилган. Ижтимоий реестр аҳолини қўллаб-қувватлаш воситаси, камбағалликни қисқартириш эса оилани барқарор даромад манбаига боғлаш, иш ўрни, инфратузилма ҳамда шароит яратиш билан боғлиқ комплекс вазифаси.
Йиғилишда ҳар бир туманда тайёр имкониятларни ишга солиш орқали бандликни ошириш мумкинлиги аниқ мисоллар асосида кўрсатиб ўтилган.
Жумладан, Қўшкўпир туманида 43 миллион еврога қурилган, 1 минг 300 та иш ўрнига мўлжалланган тўқимачилик корхонаси йил бошидан буён ишламай тургани танқид қилинган. Корхона фаолияти тикланса, банк томонидан кризис-менежер жалб этилиб, у тўлиқ қувватга чиқарилиши мумкин.
Шу каби 124 та корхонанинг 6 триллион сўмлик активларига қўйилган чекловларни қайта кўриб чиқиш ва уларни банк бошқарувига бериш орқали 10 минг иш ўрнини тиклаш имконияти борлиги қайд этилган.
Оқолтин туманидаги “Оқолтин мега текстиль” корхонаси мисолида ҳам банклар балансига ўтган тайёр объектларни қисмларга бўлиб сотиш ўрнига уларни қайта ишга тушириш орқали юзлаб одамларни банд қилиш мумкинлиги кўрсатилган.
Умуман, давлат банклари балансида 10 триллион сўмлик 2,5 мингга яқин мол-мулк мавжуд. Уларни самарали ишга солиш орқали 40 мингтагача иш ўрни тикланиши мумкин.
Мутасаддиларга бир ҳафта муддатда қарздорлик ҳисобига банклар балансига ўтган корхоналарни тўлиқ хатловдан ўтказиш, йил якунига қадар уларни яхлит ишлаб чиқариш сифатида сотиш ёки менежер тайинлаб, фаолиятини тиклаш чораларини кўриш топширилган.
Қишлоқ туманларида эҳтиёжманд оила аъзосини ишга олган корхоналар учун 1 октябрдан ушбу ходим бўйича ижтимоий солиқ ставкаси 2 фоиз бўлиши белгиланган.
Live
All