Австралияда аҳоли қариши ва туғилиш камайиши хавфидан огоҳлантирилди

World

image

Австралия ҳукумати 2060-йилларга бориб мамлакатдаги ўлимлар сони туғилишлардан ошиб кетиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Австралия ўнлаб йиллар давомида туғилиш даражасининг пастлигини қоплаш ва аҳоли сонини ошириш учун миграцияга таяниб келган. Бироқ миграция суръати пасайиб бораётгани сабабли мамлакат Япония, Германия ва Жанубий Корея каби ривожланган давлатларда кузатилаётган демографик жараёнга яқинлашмоқда.

Уларда ўлимлар сони аллақачон туғилишлардан ошиб кетган.

Австралия Ғазначилиги бугун, 21 сентябрь куни эълон қилган авлодлараро ҳисоботда сунъий интеллект, геосиёсий парчаланиш, энергетика трансформацияси, аҳолининг қариши ва хизматларга асосланган иқтисодиётга ўтишни мамлакат иқтисодий истиқболига келгуси 40 йилда энг катта таъсир кўрсатадиган бешта жараён сифатида қайд этган.

Ҳисоботга кўра, туғилиш даражаси пасайиши ва хориждан соф миграция — мамлакатга келаётганлар билан ундан кетаётганлар ўртасидаги фарқ — қисқариши натижасида кейинги 40 йилда аҳоли ўсиши йилига ўртача 0,9 фоизгача секинлашади. Бу кўрсаткич сўнгги 40 йилда ўртача 1,4 фоизни ташкил этган.

“Австралия аҳолиси прогноз қилинганидан тезроқ қарийди ва секинроқ ўсади. 2060-йилларга бориб ўлимлар туғилишлардан ошиб кетиши прогноз қилинмоқда. Бу Авлодлараро ҳисоботда биринчи марта шундай прогноз қилинмоқда ва шу пайтдан табиий ўсиш аҳоли кўпайишининг омили бўлмай қолади”, дейилади Ғазначилик ҳисоботида.

Австралиянинг марказ-чап Лейбористлар ҳукумати ўтган ҳафта миграция қоидаларини кучайтирган. Бош вазир Энтони Албанез ўнг популистик Бир миллат партияси қўллаб-қувватлови ортиб бораётган бир пайтда миграцияни чеклаш чораларини кучайтирмоқда.

Ҳисоботда аҳолининг қариши парвариш хизматларига талабни ошириши ҳам таъкидланган. Аҳолиси нисбатан кекса бўлган ҳудудларда соғлиқни сақлаш ва кексаларга қараш соҳаларида меҳнат танқислиги кучайиши мумкин, чунки бу тармоқлар мигрант ишчиларга катта даражада таянади.

Шунингдек, ҳужжатда келгуси бюджетларда солиқларни камайтириш имконияти ҳам қайд этилган. Ҳукумат инфляциянинг юқорилиги, ипотека ставкаларининг ошиши ва қиммат уй-жойлар шароитида аҳолига турмуш харажатларини қоплаш учун қўшимча ёрдам кўрсатмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Австралия хорижлик талабаларга ўқиш даврида турмуш ўртоғи, ҳамкори ва фарзандларини мамлакатга олиб келишни тақиқлашни режалаштираётгани хабар қилинганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends