Арманистон КХШТдан ҳайдалса, хурсанд бўламан – Пашинян (видео)

World

image

Арманистон яқин беш йил ичида Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига (КХШТ) қайтиш ниятида эмас. Бу ҳақда мамлакат Бош вазири Никол Пашинян бугун, 24 август куни парламент мажлисида маълум қилди.

Унинг айтишича, агар КХШТ Арманистонни ўз таркибидан чиқариб юборса, у бундан фақат мамнун бўлади. Пашинян бундай имконият КХШТ уставида кўзда тутилганини айтиб ўтган.

“Биламан, КХШТда (Арманистонни ташкилотдан чиқариш бўйича) муҳокамалар кетмоқда... Ташкилот Арманистонни Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан чиқариш ҳақида қарор қабул қилса, жуда хурсанд бўлардим. Ҳар ҳолда, бу бизни ташкилотдан чиқиш ёки чиқмаслик борасидаги иккиланишдан халос этган бўларди”, дейди Пашинян. 

Эслатиб ўтамиз, Арманистон 2024 йилнинг февралида КХШТдаги аъзолигини музлатиб қўйган эди. Никол Пашинян “зарурат туғилганда” ташкилотдан тўлиқ чиқиши мумкинлигини истисно этмаган. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг сўзларига кўра, Арманистон икки йилдан бери КХШТ бюджетига бадал тўламаяпти.

Жорий йилнинг июнь ойида вазир КХШТга аъзо мамлакатлар Арманистонга нисбатан “ташкилот уставининг тегишли моддасини” қўллаш масаласини кўриб чиқишини ваъда қилган. Уставга кўра, Арманистон КХШТда овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум этилиши ёки ташкилотдан чиқариб юборилиши мумкин.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends