Андижонда аҳолига бериладиган пропан газ эркин нархларда сотилади

Local

image

Андижон вилоятида суюлтирилган газни аҳолига эркин нархларда сотиш бўйича хусусий компаниялар иштирокида пилот лойиҳа амалга оширилади. Бу ҳақда Энергетика вазири Шерзод Хўжаев жорий йилнинг 7 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёевга суюлтирилган газ бўйича қилинган таклифлар тақдимотидан “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Қайд этилишича, лойиҳа доирасида “Ҳудудгазтаъминот” билан бир қаторда камида иккита хусусий тадбиркорга суюлтирилган газни аҳолига эркин нархларда сотиш имконияти яратилади. Бунинг учун тадбиркорларга қулайлик яратиш мақсадида айрим қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш киритиш кўзда тутилмоқда.

“Ҳозирги кунда тадбиркорлик субъектлари ёки аҳолининг белгиланган нормадан ортиқча суюлтирилган газ истеъмол қилишга эҳтиёжи бўлса, ўз шахсий автомобилларида газ тўлдириш шохобчаларига бориб, баллонларни тўлдириб, ташиб олиб келишяпти. Лекин бу аслида ноқонуний, нотўғри ва хавфли ҳаракат ҳисобланади”, дейди Шерзод Хўжаев.

Вазирнинг айтишича, келгусида аҳолини газ баллонлари билан таъминлаш тизимини янада қулайлаштириш мақсадида ҳар бир маҳаллада суюлтирилган газ баллонларини етказиб берувчи шохобчалар ташкил этилиши мумкин.

“Керак бўлса, ҳар бир маҳаллада шундай суюлтирилган газ баллонлари билан таъминлайдиган шохобча очиш, ушбу шохобчаларга қўйиладиган техник талабларни замон талабларидан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқиш бўйича топшириқлар берилди”, дейди вазир.

Шерзод Хўжаевнинг сўзларига кўра, соҳада хусусий тадбиркорларнинг иштирок этиши рақобатни кучайтиради. Бу эса истеъмолчиларга кўрсатиладиган хизматлар сифатининг ошишига олиб келиши кутилмоқда.

“Рақобатли муҳитда фаолият юритаётган тадбиркорлар албатта ўз устида ишлайди. Топшириқлардан бири – замонавий, масалан, газ баллонларидан фойдаланиш”, деди у.

Шунингдек, суюлтирилган газ буюртма қилиш ва уни хонадонга етказиб бериш имконини берувчи мобил иловани ишга тушириш режалаштирилмоқда. У орқали истеъмолчилар ўзларига керакли вақт ва ҳажмни танлаб, газга буюртма бериши мумкин бўлади.

“Мобил илова ишга туширилади. Мобил илова орқали истеъмолчилар ўзи хоҳлаган вақтда, ўзи хоҳлаган ҳажмда буюртма бериб, айтилган вақтда уйига олиб келиб беришни сўрайди”, деди Шерзод Хўжаев.

Айни пайтда “Ҳудудгазтаъминот” томонидан етказиб бериладиган газ баллонининг сиғими 20 килограммни ташкил этади. Янги тартибда тадбиркорлик субъектларига ушбу баллонларни чекловларсиз сотиш ҳуқуқи берилиши кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, тадбиркорлар томонидан импорт қилинган суюлтирилган газни аҳолига сотишдан ташқари, ортиб қолган қисмини ҳам ҳеч қандай чекловларсиз ўз ихтиёрига кўра сотиш имконияти яратилади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев суюлтирилган газ етказиб бериш графигини қатъий йўлга қўйиш, ҳисоб-китобларни рақамлаштириш ва аҳоли учун таъминотда шаффофликни таъминлаш бўйича топшириқлар берган эди. Шунингдек, аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш учун “Ҳудудгазтаъминот” таъсисчилигида “LPG-Trade” масъулияти чекланган жамиятини ташкил этиш таклиф қилинган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends