Албаниядаги ҳукуматга қарши намойишлар бошқа шаҳарларга ҳам ёйилди

World

−

image

Албанияда ҳукуматга қарши талабалар намойишлари пойтахт Тиранадан бошқа шаҳарларга ҳам тарқалиб, тўқнашувлар оқибатида 89 киши шифохонада тиббий ёрдам олди ва ўнлаб намойишчилар қўлга олинди. Намойишчилар Бош вазир Эди Раманинг истеъфога чиқишини талаб қилмоқда. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 15 октябрь куни Тирана шаҳрида намойишчилар ва полиция ўртасида кетма-кет учинчи кун тўқнашувлар юз берган. Акциялар мамлакат шимоли-ғарбидаги Шкодер ҳамда жанубдаги қирғоқбўйи шаҳарларида ҳам ўтказилган.

Шкодерда намойишчилар мэрия биносининг деразаларини синдирган, ҳукмрон Социалистик партия ва мухолифатдаги Демократик партия офисларига тош отган. Корча шаҳрида эса мактаб биноларининг деразалари синдирилиб, кўчалар тўсиб қўйилган. Тиранада айрим намойишчилар дўконлар ойналарини синдириб, баррикадалар ўрнатган ва чиқинди қутиларига ўт қўйган. Полиция уларга қарши сув пуркагичлар ва кўздан ёш оқизувчи газ қўллаган.

Намойишчилар Албания Бош вазири Эди Рама истеъфога чиқишини талаб қилмоқда. Улар ҳукуматдан таълим шароитларини яхшилаш, талабалар дуч келаётган муаммоларни ҳал этиш ва мамлакатда реал ўзгаришлар қилишни сўрамоқда. Талабалар, айниқса, ўқиш тўловларининг юқорилиги ва университетлардаги шароитлардан норози.

Полиция маълумотига кўра, 14 октябрь куни намойишлар давомида 65 киши ҳуқуқ-тартибот ходимлари, давлат идоралари, жамоат муассасалари ва хусусий мулкка ҳужум қилишда гумонланиб қўлга олинган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса шу куни 89 киши тиббий ёрдам олганини маълум қилган. Уларнинг 61 нафари полиция ходимлари бўлган.

Бош вазир Эди Рама намойишлар вақтида юз берган зўравонликларда мухолифатни айблаган. У Тиранадаги университет кампуси ҳудудида жойлашган, ёнғиндан зарар кўрган бино қолдиқларини кўздан кечирганини акс эттирувчи видеони эълон қилган. Рама бинога талабалар зарар етказганига ишонмаслигини билдирган ва тартибсизликларда қатнашганлар жавобгарликка тортилишини айтган.

Маълумот учун, Албанияда ҳукуматга қарши намойишлар май ойи охиридан бери давом этмоқда. Норозиликларга қирғоқбўйи муҳофаза этиладиган табиий ҳудудда ҳашаматли меҳмонхона қуриш режалари ҳам сабаб бўлган. Лойиҳа АҚШ Президенти Дональд Трампнинг қизи Иванка Трамп ва унинг турмуш ўртоғи Жаред Кушнер билан боғлиқ. Бу режалар ҳокимиятдаги эҳтимолий коррупция ва қарорлар қабул қилиш жараёнининг шаффоф эмаслиги юзасидан танқидларга сабаб бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Албанияда таълим сифати, олий таълим харажатлари ва иш билан таъминланиш масалалари бўйича ўтказилган талабалар намойиши тўқнашувлар билан якунлангани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends