Албанияда тартибсизлик бошланди: талабалар таълим сифатидан норози (видео)

World

−

image

Албанияда таълим сифати, олий таълим харажатлари ва иш билан таъминланиш масалалари бўйича ўтказилган талабалар намойиши тўқнашувлар билан якунланди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

 

Қайд этилишича, намойиш кеча, 13 октябрь куни бўлиб ўтган. Ҳодиса давомида полиция бир неча нафар намойишчини қўлга олган. Талабалар намойишни университетлардаги шароитлар, олий таълим нархининг қимматлиги, молиявий ёрдам ва ўқишни тамомлагандан кейин иш топиш имкониятлари билан боғлиқ муаммоларга эътибор қаратиш мақсадида ташкил қилган.

Айрим намойишчилар эса мамлакатдаги тенгсизлик ва ҳукумат сиёсатидан норозилигини билдирган. Намойиш иштирокчиси Лулжета Кола Албанияда чуқур ижтимоий адолатсизлик мавжудлиги, бойлар ва камбағаллар ўртасидаги тафовут катталигини билдириб, тизимни тубдан ўзгартириш кераклигини айтган.

Албания Бош вазирининг ўринбосари Альбана Кочиу эса Facebook саҳифасида зўравонлик муаммоларни ҳал қилиш воситаси эмаслигини билдирган. Унинг билдиришича, давлат муассасаларига ҳужум қилиш, полицияга қаршилик кўрсатиш ва жамоат мулкига зарар етказиш ёшларнинг ўз фикрини ифода этиш усули бўлмаслиги керак.

Намойиш Европада талабалар фаоллиги кучайиб бораётган бир пайтда ўтказилган. Хусусан, Францияда ҳам мактаб ўқувчилари ўқитувчилар сонини кўпайтириш ва таълим муассасаларидаги шароитларни яхшилаш талаби билан намойишлар ўтказмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бельгиянинг Брюссель шаҳрида ҳукуматнинг бюджетни қисқартириш режасига қарши ўтказилган намойишлар вақтида полиция билан тўқнашувлар юз бергани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends