АҚШ тарихидаги энг йирик “ҳайдаш”ни режалаштирмоқда. Гап 200 минг мигрант ҳақида

World

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти мамлакатда бошпана сўраган ёки бошпана олиш учун ариза берган хорижликларнинг ноиммиграцион визаларини бекор қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти хабар берди.

Маълум қилинишича, Давлат департаменти ва Миллий хавфсизлик департаменти АҚШга қисқа муддатли меҳмон сифатида кириб, кейин мамлакатда доимий қолиш мақсадида бошпана сўраган хорижликларни аниқлаш ва уларнинг визаларини бекор қилиш бўйича иш олиб бораётганини билдирган.

Департамент қанча виза бекор қилиниши мумкинлигига аниқлик киритмаган. “Associated Press” маълумотларига кўра, бу чора 200 минггача хорижликка тааллуқли бўлиши мумкин. Агар бу рақам тасдиқланса, АҚШ тарихида бир вақтнинг ўзида амалга ошириладиган энг йирик виза бекор қилиш жараёни бўлади.

Гап 2016 йилдан 2026 йилгача берилган “B1” ва “B2” визалари ҳақида кетмоқда. Бу визалар асосан хизмат сафари ва туризм мақсадида АҚШга бориш учун берилади. Қайд этилишича, виза бекор қилиниши автоматик равишда дарҳол депортация қилинишига олиб келмайди. Бошпана бўйича иши ҳали кўриб чиқилаётган шахсларнинг мақоми ўзгартирилиши, бироқ улар хизмат сафари ёки туристик мақсаддаги визаларидан маҳрум бўлиши мумкин.

АҚШ Давлат департаменти шу ой бошида Трамп маъмурияти хорижликларга тегишли 175 мингдан ортиқ визани бекор қилганини маълум қилган эди. Трамп маъмурияти иммиграцияга қарши кенг қамровли чоралар доирасида визалар ва грин-карталарни бекор қилиш, шунингдек, депортацияларни кучайтириш сиёсатини олиб бормоқда.

Маъмурият бу чоралар ички хавфсизликни таъминлашга қаратилганини таъкидлаб келади. Ҳуқуқ ҳимоя ташкилотлари эса иммиграция сиёсати сўз эркинлиги ва қонуний жараён ҳуқуқларини бузганини, айниқса этник озчиликлар орасида хавотирларни кучайтирганини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ федерал суди Президент Дональд Трамп маъмуриятининг Ўзбекистон ҳам кирган 75 давлат фуқароларига иммигрант визаларини беришни тўхтатиб қўйган сиёсатини ноқонуний деб топиб, бекор қилганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends