АҚШ суди Трампнинг туғилиш орқали фуқароликни чеклаш қарорини тўхтатди

World

image

АҚШ федерал судьяси Дональд Трамп маъмуриятининг туғилиш орқали фуқаролик олиш ҳуқуқини чеклашга қаратилган янги фармони ижросини тўхтатди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Қайд этилишича, Мэриленд штати Гринбелт шаҳридаги федерал судья Дебора Бордман муҳожирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар талабига кўра дастлабки тақиқлов чорасини жорий қилган. Унинг қарори Трамп маъмуриятига янги фармон асосида суддаги даъво доирасига кирувчи болаларнинг АҚШ фуқаролигини рад этиш ёки тан олмаслик имконини бермайди.

Судьянинг таъкидлашича, АҚШ Олий суди мазкур тоифага кирувчи болалар туғилган пайтиданоқ фуқаро ҳисобланиши масаласини аллақачон ҳал қилган. Бордман Трампнинг янги фармони ушбу болаларга нисбатан қўлланилса, “деярли аниқ конституцияга зид” бўлишини билдирган.

Суд қарорига кўра, Давлат департаменти, Миллий хавфсизлик департаменти ва Ижтимоий таъминот бошқармаси каби федерал идоралар даъво доирасига кирувчи болаларнинг фуқаролигини рад этиши, унга аралашиши ёки уни тан олмаслиги мумкин эмас. Бироқ идораларга Трамп фармонини амалга ошириш тартиби бўйича йўриқнома тайёрлашга рухсат берилган.

Эслатиб ўтамиз, Трамп 6 август куни туғилиш орқали фуқаролик олишни чеклашга қаратилган янги фармонни имзолаган эди. Ҳужжат, хусусан, “туғилиш туризми” – аёлларнинг фарзанди автоматик равишда АҚШ фуқаролигини олиши учун мамлакатга бориб, ўша ерда туғиши амалиётига қарши қаратилган.

Фармонга кўра, агар боланинг ота-онасидан бири АҚШда хорижий ҳукумат учун ишласа, фуқароликни олиш мақсадида фирибгарлик ёки тижорий битимдан фойдаланса ёки “душман ажнабий” мақомига кирса, болага фуқаролик берилмаслиги мумкин эди.
 


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends