Африка ҳам Инфантинони қўллаб-қувватлашини маълум қилди

Sport

image

Африка футбол конфедерацияси (CAF) танқидлар марказида қолган FIFA президенти Жанни Инфантинони қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар берди.

Инфантино жорий йилнинг 5 август куни Марокаш пойтахти Работ шаҳрида FIFA’нинг юқори раҳбарияти иштирокида фавқулодда йиғилиш ўтказди. Учрашувда FIFA раҳбарияти янги тижорат лойиҳаси доирасида йўл қўйилган хатолар учун узр сўраган президентни қўллаб-қувватлашини билдирди.

“CAF FIFA президенти Жанни Инфантино ва бош котиб Маттиас Графстрёмнинг қўшма баёнотини олқишлайди ва тўлиқ қўллаб-қувватлайди. CAF Африка футболини ривожлантиришга эътибор қаратишда давом этади ҳамда амалдаги бошқарув ва шаффофлик тамойилларига содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди”, деди CAF президенти Патрис Мотсепе.

Баёнотда қайд этилишича, CAF Ижроия қўмитаси ҳам Инфантинони бир овоздан қўллаб-қувватлаган ва унинг Африка футболини ривожлантиришга қўшган кўп йиллик ҳиссаси учун миннатдорлик билдирган.

“Шунингдек, президент Жанни Инфантино, FIFA бош котиби Маттиас Графстрём ва FIFA маъмуриятига 2026 йилги Жаҳон чемпионатини юқори савияда ташкил этгани учун ҳам миннатдорлик изҳор этилди”, дейилади CAF баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, июль ойида FIFA янги ташкил этилаётган тузилманинг тахминан 20 фоиз акцияларини хусусий инвесторларга сотиш орқали 4,2 миллиард доллар жалб қилиш ниятини маълум қилган эди. Ушбу ташкилот FIFA’нинг медиа ва тижорат ҳуқуқларини, жумладан, Жаҳон чемпионатига оид ҳуқуқларни бошқариши режалаштирилган.

Шундан сўнг, UEFA таклиф тўлиқ бекор қилинмагунча барча аъзо ассоциациялар FIFA мусобақаларини бойкот қилишини эълон қилди. Кейинчалик Жанни Инфантино баҳсларга сабаб бўлган айрим тижорат ҳуқуқларини сотиш режасидан воз кечилганини маълум қилди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends