Афғонистон аҳолисининг қарийб 32 фоизи очликдан азият чекмоқда

World

image

Афғонистонда 14 миллион киши кучли озиқ-овқат танқислигига дуч келмоқда. Бу мамлакат аҳолисининг қарийб 32 фоизини, яъни ҳар уч кишидан бирини ташкил этади. Бу ҳақда БМТ хабар берди.

Қайд этилишича, мамлакатдаги инқирозга қуролли можаролар, ишсизлик, озиқ-овқат нархларининг ошиши, гуманитар ёрдам маблағларининг қисқариши ва таъминотдаги узилишлар сабаб бўлмоқда. Сўнгги уч йилда Покистон ва Эрондан қарийб 6 миллион афғоннинг мажбуран қайтарилиши ҳам мамлакат иқтисодиётига қўшимча босим ўтказган.

Маълумотларга кўра, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 20–30 фоизга ошган. Ташкилот очликдан азият чекаётган 14 миллион кишининг фақат бир қисмини озиқ-овқат билан таъминлай олмоқда.

Вазият, айниқса, болалар орасида оғирлашган. Афғонистоннинг 12 та вилоятида болаларнинг ўткир озиқ-овқат танқислиги тарихдаги энг юқори даражага етган. Энг оғир ҳолатлар икки ёшгача бўлган болаларда кузатилмоқда.

WFP вакили Жон Айлиффнинг айтишича, соғлиқни сақлаш марказларига оғир аҳволда олиб келинаётган болаларнинг 80 фоизини икки ёшгача бўлганлар ташкил этмоқда.

Мамлакатдаги вазиятни бир оиланинг ҳолати ҳам яққол кўрсатиб турибди. Қандаҳор вилоятида яшовчи уч фарзандли Фариданинг эри кўча савдоси билан шуғулланиб, кунига бир доллардан кам даромад топади. Унинг икки фарзанди камқонликдан азият чекмоқда, олти ёшли ўғли эса озиқ-овқат танқислиги туфайли бир неча ойдан бери мактабга бора олмаган. WFP вакили Фариданинг чақалоғига сут ўрнига аччиқ чой берилганини айтган. Оилада эса сут сотиб олиш учун ҳам маблағ йўқ.

Айни пайтда гуманитар ёрдам учун маблағ етишмаслиги сабабли ҳаётни сақлаб қолишга қаратилган дастурлар қисқартирилмоқда. Болаларда озиқ-овқат танқислиги ва ўсишдан орқада қолишнинг олдини олиш учун махсус озуқавий маҳсулотларни тарқатиш 2025 йил май ойида тўхтатилган.

Маълум қилинишича, Афғонистондаги фавқулодда озиқ-овқат ва овқатланиш дастурларини амалга ошириш учун жорий йилда тахминан 900 миллион доллар керак. Қиш олдидан инқироз янада оғирлашмаслиги учун эса қўшимча 500 миллион доллар маблағ зарур.

БМТ маълумотларига кўра, Афғонистонда 3,7 миллион бола ҳамда 1,2 миллион ҳомиладор ва эмизикли аёл озиқ-овқат танқислигидан азият чекмоқда. Гуманитар ташкилотлар инқирознинг янада кучайиши миграция, радикализм ва беқарорликни ошириши, унинг оқибатлари эса Афғонистон чегараларидан ташқарига ҳам тарқалиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Уганданинг Караможа минтақасида узоқ давом этган қурғоқчилик ҳосилни бутунлай нобуд қилганидан кейин камида 16 нафар маҳаллий аҳоли вакили очликдан вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends