6 йиллик низо: Google 403 млн евро жаримага тортилди

World

image

Ирландияда Google компанияси ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш регулятори ўртасидаги олти йиллик низога чек қўйилди. Бу ҳақда “Euronews” хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, Google Ирландиянинг Маълумотларни ҳимоя қилиш комиссияси (DPC) томонидан 403 млн евро миқдорида жаримага тортилган. Технологик гигант фойдаланувчиларнинг жойлашуви ҳақидаги маълумотларни кузатиб борган ва сақлаган.

“Терговчилар Google’нинг учта функциясини – “Интернет ва иловалардаги ҳаракатлар”, “Жойлашувлар тарихи” ва “Жойлашув аниқлиги”ни ўрганиб чиқди. DPC Google қайта-қайта GDPR талабларини бузганини аниқлади.

Компания жойлашув ҳақидаги маълумотларни ноқонуний ва инсофсизлик билан қайта ишлаган ҳамда қонунийлик, инсофлилик ва шаффофлик тамойилларига риоя этилганини тасдиқлай олмаган”, дейилади хабарда.

DPC, шунингдек, Google фойдаланувчиларнинг жойлашуви ҳақидаги маълумотларни зарур бўлганидан ортиқроқ муддат давомида сақлаганини аниқлаган. Жаримадан ташқари, DPC Google зиммасига олта ой муддат ичида маълумотларни қайта ишлаш амалиётини қонунчилик талабларига мувофиқлаштириш мажбуриятини юклаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг 29 та штати Meta Platforms компаниясини Facebook ва Instagram платформаларини болалар ҳамда ўсмирларда қарамлик келтириб чиқарадиган ва уларнинг руҳий саломатлигига салбий таъсир кўрсатадиган тарзда ишлаб чиққанликда айблаб, судга даъво аризаси киритганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends