Энди жарима вақтида тўланмаса, автомобиль жарима майдончасига олиб кетилиши мумкин
Local
−
19:53 1323 2 minutes
Энди Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлар белгиланган жаримани 60 кун ичида тўламаса, уларнинг транспорт воситаси жарима майдончасига олиб кетилиши мумкин. Бу ҳақда Ички ишлар вазирининг жорий йил 4 сентябрдаги буйруғи билан тасдиқланган “Йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига доир маъмурий ишларни расмийлаштириш ва кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги” йўриқномада белгиланган.
Ушбу буйруқ жорий йилнинг 5 ноябрь куни Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган ва 6 ноябрда расмий эълон қилинган. Ҳужжатга кўра, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун солинган жарима қарор чиқарилган кундан бошлаб 60 кундан кечиктирмай тўланиши зарур. Агар қарор устидан шикоят ёки протест берилиб, у қаноатлантирилмаса, жаримани тўлаш учун бу ҳақда хабар берилган кундан бошлаб 30 кун муддат берилади.
Агар жарима белгиланган муддатда тўланмаса, транспорт воситаси ҳақидаги маълумотлар Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларининг планшетлари ва бошқа ахборот тизимларида автоматик равишда акс этади. Шундан сўнг, ЙҲХХ ходимлари маъмурий баённома расмийлаштирмасдан, автомобилни жарима майдончасига жойлаштириши керак. Транспорт воситаси жарима ҳақидаги қарорнинг ижроси юзасидан иш юритиш тугагунига қадар ушлаб турилади.
Лекин ҳайдовчи жаримани электрон тўлов тизимлари, мобил иловалар ёки банк кассалари орқали жойида тўлиқ тўласа ва бу ҳақдаги маълумот электрон тизимда тасдиқланса, автомобиль жарима майдончасига олиб кетилмайди. Жарима майдончасига жойлаштирилган транспорт воситасини қайтариб олиш учун қарздорлик тўланган бўлиши керак. Тўлов тасдиқлангач, тегишли электрон рухсатнома расмийлаштирилади.
Шу билан бирга, йўриқномада жарима солиш тўғрисидаги қарор топширилган кундан бошлаб 15 кун ичида жариманинг 50 фоизини ёки 30 кун ичида 70 фоизини ихтиёрий тўлаган шахс қолган қисмини тўлашдан озод этилиши белгиланган. Ушбу тартиб қонунчиликда назарда тутилган айрим ҳолатларга татбиқ этилмайди.
Ҳужжат расмий эълон қилинган кундан икки ой ўтгач кучга киради.
Live
All