21 бола билан Tracker’да ЙТҲга учраган ҳайдовчига ҳукм ўқилди

Crime

image

Андижонда 21 нафар болани Tracker’да ташиган боғча ходими ЙТҲ содир этиб, бир боланинг ўлими ва яна етти нафар тарбияланувчининг жароҳат олишига сабаб бўлганди. Суд унга 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлаб, 2 йилга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжати билан танишди.

Ҳужжатда келтирилишича, воқеа жорий йилнинг 21 февраль куни соат 08:00 атрофида содир бўлган. Абдураззоқова ўзининг Tracker русумли автомашинасига Хўжаобод туманидаги хусусий мактабгача таълим муассасасининг жами 21 нафар вояга етмаган тарбияланувчисини чиқарган ҳолда ҳаракатланган.

Тергов ва судда аниқланишича, у йўл ҳаракати қоидаларида белгиланган талабларга риоя қилмаган. Хусусан, хавфсиз тезликни танламаган, болаларни ташиш қоидаларини бузган ҳамда транспорт воситасининг техник имкониятларидан ортиқ йўловчи олган. Оқибатда ҳайдовчи бошқарувни йўқотиб, автомашина йўл четидаги бетон устунга бориб урилган.

ЙТҲдан сўнг 6 ёшли тарбияланувчи М.Х. оғир тан жароҳатлари олиб, шифохонада вафот этган. Яна етти нафар бола турли даражадаги тан жароҳатларини олган. Улардан бир нафари ўрта оғир, қолганлари енгил тан жароҳати олгани суд-тиббий экспертизаси хулосалари билан тасдиқланган.

Судда Абдураззоқова айбига тўлиқ иқрор бўлган. Унинг айтишича, боғчада болаларни ташиш учун алоҳида транспорт воситаси бўлмагани сабабли тарбияланувчиларни ҳар куни шахсий автомашинасида олиб келиб, олиб кетган.

Унинг кўрсатмасига кўра, ҳодиса куни ҳаракатланаётган вақтда чап томондан келган автомашина яқин масофадан ўтиб кетгани сабабли чўчиб кетган ва рулни ўнг томонга бурган. Шундан сўнг, автомашина йўл четига чиқиб кетиб, бетон устунга урилган.

Судланувчи марҳума боланинг дафн маросими учун моддий ёрдам кўрсатганини, қилмишидан пушаймонлигини ҳам билдирган. Суд мажлисида жабрланувчиларнинг қонуний вакиллари ҳам иштирок этган. Улар судланувчига нисбатан моддий ёки маънавий даъволари йўқлигини, етказилган зарар қопланганини маълум қилиб, унга енгиллик беришни сўраган.

Жиноят ишлари бўйича Хўжаобод туман суди ҳукмига кўра, Иродахон Абдураззоқова Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлиши) билан айбли деб топилди.

Суд жазо тайинлашда Абдураззоқованинг айбига иқрор бўлгани, муқаддам судланмагани, етказилган зарарни қоплагани, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, жабрланувчилар вакилларининг унга нисбатан даъвоси йўқлиги, шунингдек, жиноят эҳтиётсизлик орқасида содир этилганини инобатга олган.

Ҳукмга мувофиқ, Иродахон Абдураззоқовага Жиноят кодексининг 45- ва 57-моддалари қўлланилиб, 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Шунингдек, у 2 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

Озодликни чеклаш жазоси даврида унга назорат қилувчи орган рухсатисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик ҳамда Андижон вилояти ҳудудидан чиқмаслик мажбурияти юклатилган.

Қайд этиш жоиз, Бош прокуратура болаларни ташиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришни таклиф қилмоқда. Бу бўйича тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Унга кўра, ҳайдовчиларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида (20,6 миллион сўмгача) жарима, 3 йилгача ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этиш, айрим ҳолларда эса 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси қўлланиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида 28 нафар болани Damas русумли автомашинада ноқонуний олиб кетаётган ҳайдовчига чора кўрилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends