Ҳар уч абитуриентдан бири 56,7 баллни ҳам тўплай олмади

Local

image

Жорий йилги қабул жараёнларида олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган абитуриентларнинг 37,5 фоизи тест синовларида белгиланган энг кам баллни тўплай олмади. Бу ҳақда Олий таълим вазирининг биринчи ўринбосари Сардор Ражабов бугун, 18 август куни Тошкент шаҳрида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

Вазирлик вакили журналистлар билан мулоқотда тест синовларида паст натижа қайд этаётган абитуриентлар улуши сўнгги йилларда изчил камайиб бораётганини таъкидлаган.

Маълум қилинишича, жорий имтиҳонларда 233 935 нафар абитуриент 56,7 баллдан паст натижа қайд этган. Бу умумий абитуриентлар сонининг 37,54 фоизини ташкил этади. Таққослаш учун, мазкур кўрсаткич 2025 йилда 41 фоиз, 2024 йилда 43 фоиз, 2023 йилда эса 46 фоиз бўлган. Шу тариқа, сўнгги йилларда энг кам баллни тўплай олмаган абитуриентлар улуши пасайиб бормоқда.

Шунингдек, ушбу йилда давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинганлар орасида ўртача натижа 134,6 балл, тўлов-контракт асосида ўқиш учун эса 93,7 баллни ташкил қилган.

Жорий ўқув йилида олий таълим муассасаларига кириш учун 677,9 минг нафар абитуриент онлайн рўйхатдан ўтган. Шундан 389,1 минг нафари 56,7 баллдан юқори натижа қайд этиб, кейинги босқичда танловда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган.

Иккинчи босқичда абитуриентларга ўз натижаларидан келиб чиқиб, олий таълим муассасаси, таълим йўналиши ҳамда таълим шаклини танлаш имконияти берилган. Якунда 357,6 минг нафар абитуриент ўз танловини амалга оширган.

Якуний танлов натижаларига кўра, бакалавриат таълим йўналишларига 209,1 минг нафар абитуриент талаба бўлиш учун тавсия этилган. Уларнинг 52,8 минг нафари давлат гранти, 156,3 минг нафари эса тўлов-контракт асосида ўқиш имкониятига эга бўлган.

Бундан ташқари, белгиланган имтиёзлар асосида алоҳида қабул кўрсаткичлари доирасида яна 20,5 минг нафар абитуриент талаба сифатида қабул қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2026/2027 ўқув йилида олий таълим муассасаларининг 1-босқичига ўқишга тавсия этилган абитуриентлар талабалар турар жойига жойлашиш учун ариза топшириш бошлангани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends