“Ҳамма қичқиряпти, болалар йиғлаяпти”. Украина дронлари Сочини нишонга олди (видео)

World

image

Кеча, 9 сентябрь куни кечқурун Украина денгиз дронлари Сочи соҳилига ҳужум қилди. Ҳужум оқибатида 28 киши, жумладан, 2 нафар бола жароҳатланди. Бу ҳақда Краснодар ўлкаси тезкор штаби хабар қилди.

Қайд этилишича, барча ярадорларга тиббий ёрдам кўрсатилган, ҳозирда 3 нафар катта ёшли киши ва 1 бола шифохонада қолмоқда.

Ҳужум ҳақида кечки соат тўққизлар атрофида маълум бўлган. Ўша вақтда соҳил бўйида жойлашган “Фестивалний“ маданият саройида хонанда Татьяна Буланованинг концерти бўлиб ўтаётган бўлган. Концерт тўхтатилган, томошабинлар эвакуация қилинган.

“Хотиним концертда эди. Эвакуация вақтида одамлар йиқилиб, ваҳима ичида югуришди. Атрофда портлашлар эшитилди. У машинага югураётганида йиқилиб тушган. Уни зарба тўлқини учириб юборган. Ҳар бир портлашдан кейин портлаш тўлқини яққол сезиларди. Улар жуда яқин эди”, дея маҳаллий аҳолидан бири воқеани сўзлаб берган.

“93.ru” нашрининг ёзишича, ҳужум ҳақида огоҳлантириш берилган пайтда соҳил бўйида ҳали ҳам кўплаб одамлар бўлган. Дастлаб дам олувчилар огоҳлантиришга муносабат билдирмаган, фақат портлашлардан кейингина тарқалиб қочишни бошлаган.

“Портлашлар жуда яқин бўлгандагина ҳамма югура бошлади. Аввалига ҳамма қараб турарди, чунки Сочи учун бу одатий ҳолдек эди. Аммо биздан атиги 300 метр нарида портлаш юз бергач, ҳамма югурди. Тасаввур қилиб бўлмайдиган тартибсизлик юзага келди. Ҳамма қичқиряпти, болалар йиғлаяпти. Ҳамма югуряпти, ёнимизда эса портлашлар содир бўляпти. Қаерга югураётганимизни ҳам билмасдик, чунки ҳеч қаерда бошпана йўқ. Амаллаб ерости ўтиш жойигача етиб бордик“, деган гувоҳлардан бири воқеани сўзлаб берар экан.

Ҳужумдан сўнг соҳил бўйида ёнғин чиққан, бироқ маҳаллий ҳокимият зарарларни жиддий эмас, деб баҳолаган.

“Ойналар ва фасад элементларини тиклаш керак. Ишончим комил, буни тезда уддалаймиз“, деб ёзган шаҳар мери Андрей Прошунин Telegram’да.

У, шунингдек, ҳужум оқибатлари тўлиқ бартараф этилгунга қадар пляжлар ташриф буюрувчилар учун ёпиқ қолишини маълум қилган.

“Сочининг қолган ҳудудларида вазият одатдагидек“, дея қўшимча қилган Прошунин.

Ҳужумдан сўнг Россия Тергов қўмитаси террорчилик ҳаракати бўйича жиноят иши қўзғатган. Мазкур жиноят Россия Жиноят кодексининг 205-моддаси билан квалификация қилинган. Идора Украина курорт ҳудудини “атайлаб“ нишонга олганини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Қуролли кучлари Харков вилоятида Украина қўшинларининг ҳарбий техникаларига дронлар орқали зарба берган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends