Ўзбекистонда “Док-1 Макс”дан жами 65 нафар бола ўлган – Олий суд

3-саҳифа

image

Ўзбекистонда “Док-1 Макс” дори воситаси сабаб жами 65 нафар бола вафот этган. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов хабар берди.

Тасдиқланган айблов хулосасига кўра содир этилган жиноятларда умумий ҳисобда 21 киши айбланмоқда.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳар судининг иш юритувига 1972 йилда Ҳиндистон Республикасида туғилган, “Quramax Medikal” МЧЖ директори С.Р.П. ҳамда 1982 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, бир вақтда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори ва унинг ҳузуридаги “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК директори лавозимларида ишлаган С.К.га оид жиноят иши келиб тушган. Шунингдек, мазкур жиноятга доир яна 19 нафар “Quramax Medikal” МЧЖ ва “Дори воситалари” ДУК масъул ходимларига жиноят иши очилган.

“Айбланувчиларнинг 16 нафари эркак ва 5 нафари аёл бўлиб, уларнинг 7 тасига “қамоққа олиш”, 12 тасига “муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат” ва 2 тасига “гаров” тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган”, деган Азиз Обидов.

Уларга нисбатан Жиноят кодексининг жами 11 моддасида назарда тутилган айбловлар қўйилган. Булар:

1.  184-модда – солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш;
2.  28-модда – жиноят иштирокчиларининг турлари;
3.  186-3-модда – Сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш, шунингдек таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш;
4.  25-модда – жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш;
5.  205-модда – ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш;
6.  207-модда – мансабга совуққонлик билан қараш; 
7.  209-модда – мансаб сохтакорлиги;
8.  210-модда –пора олиш;
9.  211-модда – пора бериш;
10.   212-модда – пора олиш-беришда воситачилик қилиш;
11.   228-модда – ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш каби жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

"Тасдиқланган айблов хулосасига кўра содир этилган жиноятлар оқибатида 65 нафар ёш бола вафот этган", дейилади Олий суд хабарида.

Маълумот учун, Ҳиндистоннинг Marion Biotech фармацевтика компанияси томонидан ишлаб чиқарилган “Док-1 Макс” сиропи Ўзбекистонда 20 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлганди. Кейинроқ компания дори воситалари ишлаб чиқаришда саноат даражасида ишлатиладиган заҳарли моддадан фойдалангани маълум бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг 2022 йилнинг 22 декабрдаги буйруғи билан  “Док-1 Макс” дори воситаларини дорихоналардан қайтариб олиш белгиланган эди.

Шунингдек, Самарқандда “Док-1 Макс” сиропини истеъмол қилиш оқибатида 18 нафар боланинг вафот этиши ортидан 7 нафар масъул ходим лавозимидан озод этилгани хабар қилинганди.

28 декабрь куни Қашқадарёда “Док-1 Макс” сиропини ичиб, яна бир бола ҳаётдан кўз юмгани эълон қилинди.

Шундан сўнг Давлат хавфсизлик хизматининг Тергов бошқармаси томонидан “Quramax medikal” МЧЖ ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар ДХХ Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилганди. 

Кейинроқ Ҳиндистоннинг “Marion Biotech Pvt. Ltd” компанияси ушбу дориларни ишлаб чиқаришни тўхтатгани маълум қилинди.

Шунингдек, мазкур комания томонидан ишлаб чиқарилган барча турдаги дори воситаларининг савдоси ҳам тўхтатилди.

2023 йил 2 январь куни Фарғонада 3 яшар бола “Док-1 Макс” сиропини ичиши оқибатида доридан ўткир заҳарланиш ташхиси билан даволанаётгани маълум қилинди.

Аввалроқ, “Док-1 Макс” таркибида меъёрдан 300 баравар ортиқ заҳарли модда борлиги аниқланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ҳиндистон Док-1 Макс сироп токсинлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made