Заҳарланган Навальний соғайиши қандай кетаётганини айтиб берди

Олам

image

Россиялик мухолиф сиёсатчи Алексей Навальний Instagram саҳифасида асаб тизимини фалажловчи модда билан заҳарлангандан кейин соғлиғи қандай тикланаётгани ҳақида айтиб берди.

Сиёсатчининг сўзларига кўра, ҳозир у ўзи сув қуёлмаяпти ва телефонни қўлига ололмаяпти. Аммо бир неча кун аввал у гапира олмаган ва ҳеч кимни танимаган.

“Ҳар куни шифокор менинг олдимга келиб, Алексей, мен доска олиб келдим, кел унга нима сўз ёзишни ўйлаймиз, дерди. Бу мени умидсизлантирарди, чунки мен шифокор нима хоҳлаётганини тушунардим, аммо сўзларни қаердан олишни билмасдим”, дейди Навальний.

Мухолифатчи зинапоядан тушиб чиқаётганда оёқлари қалтирашини айтган. Бироқ ҳозир у зинапоя олдида эканини тушуняпти. Аввал эса шунчаки турган ва термулган.

Навальнийнинг қўшимча қилишича, у даволанаётган Берлиндаги Charite клиникаси шифокорлари уни “техник жиҳатдан тирик одамдан” яна Instagram’ни сайр қиладиган ва қаерга лайк қўйишни дарҳол тушунадиган замонавий жамиятнинг аъзоси бўлиш имкониятига эга бўлган инсонга айлантирди.

Алексей Навальнийга нима бўлди?

Мухолиф сиёсатчи Алексей Навальний жорий йилнинг 20 август куни самолётда Томскдан Москвага кетаётганда тоби қочиб, Омскдаги шифохонага ётқизилди. Унга нима бўлгани номаълум бўлиб турган вақтда, сиёсатчининг тарафдорлари Навальний заҳарланганини иддао қилди.

Улар Навальнийни Германия олиб кетиш ҳаракатига тушганда Омскдаги шифокорлар бунга рухсат бермади. Орадан икки кун ўтиб эса, Навальнийни исталган шифохонага кўчириш мумкинлигини айтишди ва сиёсатчи Берлинга олиб кетилди. Бу ҳол ҳам мухолифатчи тарафдорларида шубҳа уйғотди ва ишга Кремль аралашгани гумон қилинди.

Германияда текширувдан ўтказилгач, у заҳарлангани маълум бўлди. ГФР Ҳукумати сиёсатчи асаб тизимини фалажловчи “Новичок” гуруҳига кирувчи модда билан заҳарланганини айтди.

Германия канцлери Ангела Меркель Навальнийнинг заҳарланиши бўйича Россиядан ҳисоб сўради. Унинг талабини Франция, Буюк Британия ва АҚШ ҳам қўллади. Европа парламенти эса Навальний билан юз берган ҳолат бўйича санкциялар жорий қилиш ҳақида резолюцияни тасдиқлади.

14 сентябрь куни Навальний ўзига келди ва сунъий нафа олдириш аппаратидан узилди. Эртаси куни у заҳарланганидан кейинги илк суратини ижтимоий тармоққа жойлади.

Аҳамиятли томони, “The New York Times” газетасининг ГФР хавфсизлик хизматидаги манбасига асосланиб хабар беришича, Навальний Германияда қолмоқчи эмас. У соғайгач, Россияга қайтиб, ўз миссиясини давом эттириш ниятида. 

Немис нашрлари Навальнийнинг заҳарланиши ортида Россия разведкаси борлигини ёзмоқда. Шунингдек, “Reuters” агентлиги Навальнийнинг Омскдаги шифохонадан кетиши бевосита Кремль рухсат берганини маълум қилди. Агентлик Омскдаги шифохонага яқин манба билан суҳбатлашган. У шифокорларга тўғридан-тўғри Кремлдан қўнғироқ бўлганини айтган.

Навальнийнинг сафдошлари эса Томскда у қолган меҳмонхона хонасидан “Новичок”нинг изи бор сув идиши топган. Заҳарни Германия мутахассислари аниқлаган.

Бу орада Россия Навальний билан боғлиқ барча айбловларни рад қиляпти. Кремлдагилар унинг заҳарланганини ҳам ёлғон деб аташмоқда. Аксинча, РФ Ғарб давлатлари ва НАТО “Новичок” гуруҳига кирувчи заҳарли моддани тайёрлашга муваффақ бўлган деб, уларни айблади.


Мақола муаллифи

Теглар

Алексей Навальний

Баҳолаганлар

88

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг