Зўравонликдан жабрланган аёллар ҳимоя ордерини қандай олишади?
Жамият
−
14 Январь 2020
3946Жабрланган хотин-қизлар томонидан ҳимоя ордерини олиш тартиби Ҳукуматнинг 4.01.2020 йилдаги 3-сон қарори билан тасдиқланган.
Ушбу ордерни олиш учун жабрланганнинг мурожаати, жисмоний ёки юридик шахсларнинг хабарлари, шу жумладан, ОАВ ва (ёки) ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган хабарлар, тазйиқ ёки зўравонлик содир этиш ёхуд уларни содир этишга уриниш ҳолатларининг ваколатли органлар ва ташкилотлар ходимлари томонидан бевосита аниқланиши ҳамда давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан олинган материаллар асос ҳисобланади.
Тазйиқ ва зўравонлик қурбонлари тўғрисидаги ахборотни қабул қилган профилактика инспекторлари 24 соат мобайнида келиб тушган мурожаат ёки ахборотни ўрганади, зўравонлик содир этган шахс билан суҳбат ўтказади. Бундан ташқари, мурожаатчининг турмуш тарзи, ҳуқуқбузарлик содир этилишининг келиб чиқиши шарт-шароитларини ўрганади.
Тазйиқ ёки зўравонлик ҳолатлари аниқланган тақдирда - ҳимоя ордерини расмийлаштирилади ва жабрланувчининг розилиги билан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини ва бошқа зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи органлар хабардор қилинади.
Ордер 30 кун муддатгача берилади. Ушбу муддатда хавф бартараф этилмаган бўлса, ордернинг амал қилиш муддати жабрланувчининг аризасига кўра яна бир ойгача узайтирилади.
Маълумот ўрнида: ордер тазйиқ ўтказган ёки зўравонлик содир этган шахснинг зиммасига маънавий зиённи компенсация қилиш, шунингдек аёлнинг даволаниш, маслаҳат олиш, махсус марказга жойлаштириш учун харажатларини қоплаш мажбуриятини юклаши мумкин.
Сарвар Анвар ўғли
LiveБарчаси