Зурабишвили Трампнинг инаугурациясига боради
Олам
−
09 Январь
2054Грузиянинг собиқ президенти Саломе Зурабишвили 20 январь куни АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампнинг инаугурациясига боришини айтди. Бу ҳақда у бугун, 9 январь куни янги офисида ўтказилган биринчи брифингда маълум қилди.
Дастлаб собиқ президент ҳалиям мамлакатда ўз роли борлиги ва хорижий ҳамкорлар билан алоқа қилаётганини таъкидлаган.
“Бизда изоляциядан чиқиш имконияти бор. Менинг ўз ролим бор ва мен уни тўлиқ бажаряпман. Мен хорижий ҳамкорларимиз билан деярли ҳар куни алоқадаман. Президент Трампнинг инаугурациясига боришимни тасдиқлайман, мен у ерда бўламан. Вашингтонда Жо Уилсоннинг таклифига биноан инаугурация учун таклифномалар олдим ва бунинг учун менга ҳеч ким пул тўламайди. Мен бораман ва мен юқори даражадаги учрашувлар ўтказаман”, деган Грузиянинг собиқ раҳбари.
Шунингдек, у европалик ҳамкорлар билан алоқаларни давом эттиришини ва улар парламент, ҳукумат ва Грузиянинг янги президентини тан олмаслигига ишонтиришини айтди.
Қолаверса, у президентлик фаолиятини давом эттириш ниятида эканлигини яна бир бор тасдиқлаган.
“Бугун сизни Орбелиани саройининг кенгайтмаси бўлган янги офисимда кутиб олишни истайман. Бу Орбелиани саройига ўхшамаслиги мумкин, лекин (унинг) руҳи бу ерда мавжуд ва президентнинг вазифаси ҳозирда энг чуқур инқирозда бўлган бу мамлакатда давом этмоқда”, деган у.
Шунингдек, Зурабишвили мамлакатда янги сайловлар ўтказилгунга қадар ва “мамлакат Европа рельсларига қайтгунича” “Грузия орзуси”га қарши курашни давом эттириш ниятида эканини айтган.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг 14 декабрь куни Грузияда президентлик сайловлари бўлиб ўтган, унда давлат раҳбари лавозимига ягона даъвогар, ҳукмрон “Грузия орзуси” партиясидан Михаил Кавелашвили ғалаба қозонганди. У сайловчиларнинг 225 овозидан 224 тасини олди.
13 декабрь куни Зурабишвили ваколат муддати тугайдиган 29 декабрдан кейин президент саройини тарк этиш ниятида эмаслигини айтди. Бироқ республика Бош вазири Ираклий Кобахидзе, агар у шундай қилса, жиноий жавобгарликка тортилиши билан таҳдид қилди. Охир-оқибат, у сайловларни ноқонуний деб атади, аммо Кавелашвилининг инаугурацияси куни президентлик қароргоҳини тарк этди. Шундан сўнг, Зурабишвили АҚШнинг Аризона университети негизида ташкил этилган Маккейн институтига ишга кирди.