“Мен ҳеч қаерга кетмайман”. Грузия Президенти лавозимини тарк этишдан бош тортди

Олам

image

Грузия Президенти Саломе Зурабишвили 29 декабрда ваколат муддати тугагач, президентлик саройини тарк этиш нияти йўқлигини айтди. Бу ҳақда у кеча, 13 декабрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

"Мен ҳеч қаерга кетмайман. Мен ҳеч кимни ташлаб кетмайман. Одамлар мендан доим бу ҳақда сўрашади. Мен шу ерда қоламан", деди Зурабишвили.

Давлат раҳбари бўлажак президентлик сайловлари қонуний эмаслигини, мамлакатда янги парламент сайловлари белгиланмагунча истеъфога чиқмаслигини айтди. Зурабишвилига кўра, бугун Грузияда фақат у қонуний ҳокимиятга эга.

“Мен шу ерда қоламан, чунки шундай кескин даврда мамлакатга қонуний институтлар ва халқ томонидан чинакам сайланган вакиллар керак”, деб ёзди Саломе Зурабишвили ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Грузияда билвосита президентлик сайловлари 14 декабрь кунига белгиланган. Уларда фақат битта номзод – собиқ футболчи Михаил Кавелашвили иштирок этади. У 300 кишидан иборат сайловчилар коллегияси томонидан сайланиши керак: 150 парламент аъзоси ва мамлакат ҳудудларидан 150 делегат. Кенгашдаги аксарият ўринлар ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси вакилларига тегишли.

“Бу президентлик сайловларини таҳқирлаш ва шармандалик. Ушбу ҳодиса ҳар қандай қонунийликдан маҳрум бўлади”, деди Грузиянинг амалдаги Президенти Зурабишвили бўлажак овоз бериш ҳақида фикр билдириб.

12 декабрь куни Грузиядаги мухолифат кучлари бирлашмаси бўлмиш “Ўзгариш учун коалиция” ўзининг Х аккаунтида баёнот эълон қилди ва унда мамлакат Президенти Саломе Зурабишвилини “ягона қонуний давлат институти” деб атади. 

“Биз Иванишвили томонидан қўлга киритилган парламент томонидан 14 декабрга белгиланган, на халқаро, на ички сиёсий қонунийликка эга бўлган президентлик сайловларини тан олмаймиз”, дейилади баёнотда.

Худди шу нашрда мухолифатчилар Грузияда янги сайловлар – “эркин ва адолатли” ўтказилишини талаб қилди. Улар бу қарорни мамлакатдаги мавжуд сиёсий инқироздан чиқишнинг ягона йўли деб атади.

Грузиянинг янги президенти учун сайловлар бугун, 14 декабрга, инаугурация маросими эса 29 декабрга белгиланган. Зурабишвили ҳам мухолифат каби 26 ноябрь куни бўлиб ўтган парламент сайловлари натижаларини тан олмайди. Улар янги давлат раҳбарини сайлаши керак бўлган янги парламентни ноқонуний деб ҳисоблайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Грузия Саломе Зурабишвили

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made