Журналист ва собиқ ҳоким Назиржон Саидов вафот этди
Жамият
−
28 Июнь
9693Андижон вилоятидаги Олтинкўл туманининг собиқ ҳокими, журналист Назиржон Саидов вафот этди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар берди.
Назиржон Саидов 1948 йилда Олтинкўл туманида туғилган. 1979 йилда Тошкент давлат университетининг журналистика факультетини тамомлаган. 1970 йилда Андижон туман ижроия қўмитаси муассислигидаги “Коммунизм тонги” (ҳозирда “Андижон тонги”) газетасида катта адабий ходим сифатида ўз ижодий фаолиятини бошлаган. Турли вақтларда мухбир, бўлим мудири ва муҳаррир ўринбосари лавозимларида ишлаган.
Назиржон Саидов 1990-1993 йилларда Олтинкўл туман ҳокими, 1993-1999 йилларда Андижон вилоят ҳокимининг ўринбосари, котибият мудири лавозимларида фаолият юритган. 2008-2021 йилларда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Андижон вилоят бўлими раҳбари сифатида иш олиб борган.
“Марҳум Назиржон ота “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” унвонларига мушарраф бўлишга ҳамда вилоятимиз тараққиёти учун самарали меҳнат йўлини босиб ўтишга эришган”, дейилган хабарда.
Маълумот учун, у 2001 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, 2019 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган.
LiveБарчаси