Журналист қандай дўппосланганини айтиб берди
Олам
−
05 Июль 2023
11710Россиянинг Чеченистон ҳудудида журналист Елена Милашина ва унинг адвокати Александр Немовга қилинган ҳужум тафсилотлари маълум қилинди. Бу ҳақда Милашинанинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилот “Команда против пыток” (Қийноқларга қарши жамоа)нинг Telegram-каналида жойлаштирилган изоҳида сўз боради.
Журналистнинг тушунтиришича, аэрпортдан чиққанидан сўнг уларнинг автомобилини ҳар бирида камида тўрт киши бўлган учта машина қувиб ўтган.
“Улар қўлларимни орқамга боғламоқчи бўлишди. Кейин, афтидан, Сашани пичоқлашди шекилли, ундан қон оқа бошлади. Бироз масофани босиб ўтганимиздан кейин машина тўхтаб қолди. Улар машинани юргиза олмади. Кейин бизни қандайдир жарга судраб бориб, калтаклай бошлашди. Менимча, у ерда 10-15 киши бор эди. Улар жуда кўп эди”, дейди Малашина.
Унинг таъкидлашича, ҳужум қилган шахслар у ва адвокатидан телефон паролларини сўраган. Акс ҳолда уларинг бармоқларини синдириш ва кесиб ташлаш билан таҳдид қилишган. Улар пул ва банк карталарини олмаган. Аммо Немовнинг ҳужжатлари ва паспорти йиртиб ташланган.
Шунингдек, Милашина ҳужум қилганлардан бири самолётда улар билан бирга учган бўлиши мумкинлигини ҳам сезган.
Милашинанинг айтишича, у ҳокимият вакилига нисбатан зўравонлик қилганликда айбланиб, 5,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган Чеченистон собиқ судьясининг рафиқаси Зарема Мусаеванинг апелляциясига боришни режалаштирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, кеча 4 июль куни Чеченистоннинг Грозний шаҳрида номаълум шахслар “Новая газета” журналисти Елена Милашина ва адвокат Александр Немовга ҳужум қилганди. Кейинроқ жароҳатланган журналист ва адвокат Бесланга олиб кетилган. Воқеа юзасидан Россия Федерациясидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Татьяна Москалкова Чеченистон Тергов қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги ва прокуратурасига мурожаатлар юборган. Россия Федерацияси Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков ҳодисани “жуда таъсирчан чоралар талаб қилувчи ўта жиддий ҳужум” деб атади ва фавқулодда ҳолат давлат раҳбари Владимир Путинга хабар қилинганини айтди. Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров эса адвокат ва журналистни дўппослаганларни топишни буюрди.