Журналист аёл президент сайловида Путинга қарши курашмоқчи

Олам

image

Россиядаги президентлик сайловларида амалдаги давлат раҳбари Владимир Путинга қарши  тверлик журналист Екатерина Дунцова курашиши мумкин. Кеча, 17 декабрь куни Москвада журналистнинг Россия Федерацияси президентлигига номзод сифатида кўрсатилишини қўллаб-қувватлаган ташаббус гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Коммерсанть” хабар берди.

Қайд этилишича, тадбирда 700 дан ортиқ одам иштирок этган бўлиб, улардан 522 нафари ташаббус гуруҳига киритилган. Россия қонунчилигига кўра, бу гуруҳда камида 500 киши бўлиши керак. 

Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, ташаббус гуруҳи йиғилишига икки полициячи келган ва модератор матбуотдан "сиёсий саволлар бермасликни" сўраган. Шунингдек, йиғилиш чоғида залдаги чироқлар ўчиб қолган ва 15 дақиқадан сўнг фавқулодда вазиятлар генераторлари ишга туширилган.

Дунцованинг штаб-квартираси бугун, 18 декабрь куни ҳужжатлар тўпламини тайёрлашни режалаштирмоқда. Эртага, 19 декабрда эса у ҳужжатларни Марказий сайлов комиссиясига тақдим этади. Агар бу босқич ўтиб кетса, 2024 йилнинг 25 январигача Дунцова ўз номзодини кўрсатиш учун Россия вилоятлари аҳолисидан камида 300 минг имзо тўплаши ва уларнинг ҳақиқийлигини текширтириши керак.

Маълумот учун, Екатерина Дунцова 16 ноябрь куни президентликка номзодини қўйиш ниятида эканини маълум қилган. У ўз қарорини сўнгги ўн йил ичида мамлакат нотўғри йўналишда кетаётгани, ривожланиш эмас, балки ўз-ўзини йўқ қилиш йўлида бораётгани билан изоҳлаган. Дунцованинг веб-сайтида айтилишича, у урушларни тўхтатиш, демократик ислоҳотлар ва сиёсий маҳбусларни озод қилиш тарафдори.

Ўз номзодини қўйиш ниятини эълон қилганидан кўп ўтмай, журналист прокуратурага чақирилган. Дунцованинг сўзларига кўра, у ерда журналистнинг Украинадаги жангларга муносабати билан қизиқишган.

Эслатиб ўтамиз, Россия Федерация Кенгаши (сенат) мамлакатда президентлик сайловларини 2024 йилнинг 17 март куни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилганди. РФ Марказий сайлов комиссияси эса овоз беришни уч кун – 15, 16 ва 17 март кунлари давом эттиришга қарор қилди. Амалдаги Президент Владимир Путин ҳам сайловда иштирок этишини билдирган. Шунингдек, у сайловлар олдидан сайлов кампаниясини рақобат асосида ўтказиш муҳимлигини таъкидлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Владимир Путин Екатерина Дунцова

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг