ЖССТ сулҳ бошланганидан бери илк бор Ғазодан беморларни эвакуация қилди
Олам
−
23 Октябрь 2025 1675 2 дақиқа
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) сулҳ бошланганидан бери биринчи марта Ғазо секторидан 41 нафар оғир аҳволдаги бемор ва уларнинг 145 нафар ҳамроҳини эвакуация қилди. Бу ҳақда ташкилот Бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.
“ЖССТ сулҳ бошланганидан бери биринчи марта Ғазо секторидан 41 нафар оғир аҳволдаги бемор ва 145 нафар ҳамроҳ шахсни эвакуация қилди”, деб ёзди у.
Гебрейесуснинг сўзларига кўра, тахминан 15 минг бемор ҳанузгача Ғазо сектори ташқарисида тиббий ёрдам олиш учун рухсат кутмоқда. У мамлакатларни бирдамлик кўрсатишга ва тиббий эвакуацияни тезлаштириш учун барча йўлларни очишга чақирган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 9 октябрь куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Исроил ва Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати Ғазо секторидаги икки йиллик қуролли можарони ҳал этиш бўйича тинчлик режасининг биринчи босқичини амалга ошириш тўғрисида келишувга эришганини эълон қилганди.
Трамп томонидан 29 сентябрь куни тақдим этилган режа 20 банддан иборат бўлиб, 72 соат ичида гаровга олинганларни озод этиш шарти билан зудлик билан ўт очишни тўхтатишни назарда тутади. Ҳужжатга кўра, ҲАМАС ва бошқа фаластинлик гуруҳлар Ғазо секторини бошқаришда иштирок этмайди, назорат халқаро назорат остидаги технократик ҳукуматга ўтади, бу жараёнга Трампнинг ўзи раҳбарлик қилади.
Келишув доирасида ҲАМАС 2023 йил 7 октябрдан бери Ғазода ушлаб турилган 20 нафар гаровдагиларни озод қилди, шундай қилиб, тирик қолган барча гаровдагилар озод этилди. Фаластиннинг маҳбуслар ишлари бўйича матбуот хизмати маълумотига кўра, Исроил келишувга биноан Ғазо секторидан 1718 маҳбусни озод қилган ва улар ярим эксклавга қайтган. Шунингдек, умрбод ёки узоқ муддатли жазо ўтаётган 250 нафар фаластинлик маҳбус ҳам озод этилган. Уларнинг бир қисми Фаластиннинг бошқа ҳудудларига юборилган, бир қисми эса депортация қилинган.
Live
Барчаси