Исроил 154 маҳбусни Фаластин ва Исроилдан депортация қилмоқчи
Олам
−
13 Октябрь 2025 2897 2 дақиқа
Исроил 154 нафар озод этилган фаластинлик маҳбусни депортация қилади. Бу ҳақда ўз манбасига таяниб, “Reuters” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Исроил 154 нафар озод этилган фаластинлик маҳбусни Исроил ва Фаластин ҳудудларидан ташқарига чиқариб юборишни режалаштирмоқда.
“Исроил 154 нафар озод этилган фаластинлик маҳбусни Исроил ва Фаластин ҳудудларидан ташқарига депортация қилади”, дейилади хабарда.
ҲАМАСнинг маҳбуслар бўйича ахборот идорасининг маълум қилишича, фаластинлик маҳбуслар жойлаштирилган биринчи автобус Ғазо ҳудудига етиб борди.
Шу орада Исроил ҳарбийларининг хабар беришича, ҲАМАС томонидан озод қилинган қолган 13 нафар тирик гаровдаги шахслар чегарадан ўтиб, Исроилга кириб борган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҲАМАС дастлаб 7 нафар исроиллик асирни, кейинроқ эса яна 13 нафар исроиллик асирни Қизил Хочга топширгани ҳақида хабар берилган эди. Ҳозирга келиб, улар Исроилга етиб борган. Улар мамлакат жанубидаги қабул пунктига олиб борилади ва у ерда яқинлари билан учрашади. Исроилнинг давлат телерадиокомпанияси ҳисобланувчи “Kan”нинг хабарига кўра, озод этилган гаровдагиларнинг аҳволи қониқарли, улар мустақил ҳаракатлана олади.
Қайд этиш жоиз, жорий йилнинг 9 октябрь куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Исроил ва ҲАМАС Ғазо секторидаги можарони ҳал этиш бўйича тинчлик режасининг биринчи босқичи бўйича келишув имзолаганини маълум қилганди. Америка раҳбари бу “барча гаровдагиларнинг тез орада озод қилиниши, шунингдек, Исроил қўшинларининг келишилган чизиқларгача орқага чекинишини” англатишини билдирганди.
Live
Барчаси